Икки совға

Зулфия ойисига тайёрлаб қуйган совғасини оқ қоғозга ўраётган эди, акаси Неъматжон кириб қолди-ю, совғасини орқасига яширди. У ўзи қилаётган ишга бировнинг, ҳатто, акасининг ҳам иштирок этишини хоҳламас эди.

Лекин Неъматжон:

—       Менинг ойимга берадиган совғам бор, кўрсатайми? – деб қолса бўладими…

—       Керакмас. Кўрсатмай қўяқол! Мен барибир сенга кўрсатмайман, — деди Зулфия.

Акаси чиқиб кетгач, Зулфия ўзича ўйлади: “Акамнинг совғаси нима экан-а? Ҳа… битта совун ё атирдир-да. Меники бўлса… ҳар қанақанги совғадан яхши”. Зулфия совғасига мамнунлик билан тикилди. У каттагина оқ картон қоғозга ойисининг расмини чизган. Қўл-оёқлари ўхшовсиз чизилган бўлса ҳам бу расм ойисига ёқишини Зулфия яхши билади.

Мана, ойиси туғилган кун ҳам етиб келди. Зулфия вақтлироқ ўрнидан туриб, диваннинг тагига қаради. Яширган совғаси турибди. Лекин, негадир, анча нарига сурилиб қолибди. Зулфия совғасини олай деса, қўли етмади. Дадасининг узун чизғичини олиб келди-да, бир амаллаб совғасини тортиб олди: “Нега нарига сурилиб қолдийкин? Балки сичқонлар тортгандир”. Зулфиянинг мунчоқдек қора кўзлари пирпираб кетди. Совғасини очиб ҳамма ерини текшириб чиқди. Совғаси бут-бутун. Бир зумда Зулфиянинг кулча юзига қизил югурди. У совғасини бағрига босганича ойисининг ётоғига кирди. Ойиси ойна олдида сочини тараётган экан.

—       Ойижон, туғилган кунингиз билан табриклайман!-

деди Зулфия ва қўлидаги совғасини ойисига узатди.

—       Раҳмат, қизим! – деди ойиси. У қоғозни очиб, расмга кўзи тушгач, хурсанд бўлиб кетди:

—       Оббо, оппоқ қизим-ей. Жуда яхши совға-ку! – Ойиси расмни столда турган китобга суяб қўйди. – Эртага рамка олиб деворга осиб қўямиз.

—       Ойижон, байрамингиз билан табриклайман!

Зулфия ҳам, ойиси ҳам “ялт” этиб орқага қарашди. Неъматжон оқ қоғозга ўралган совғасини узатди. Ойиси қоғозни очди-ю:

—       Баракалла! Раҳмат, болаларим. Совғани ҳам бамаслаҳат қилибсизлар! – деб Зулфияни ҳам, Неъматжонни ҳам бағрига босди.

Неъматжон товланиб турувчи бўёқлар билан нақшланган рамка келтирган эди. Зулфия диван тагидаги расм нега жойидан қўзғалиб қолганини тушунди. Ўз ниятини акасидан яширгани ёдига тушиб, унинг кўзига тик қарай олмади. Бундан буён бирор ишни, албатта, акаси билан маслаҳатлашиб қилишга аҳд қилди.

Умида  АБДУЛЛАЕВА тайёрлади

Написать ответ

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>