Ҳангомалар

Бола мактабдан келиб, отасига шикоят қилди:

—       Дада-дада. Ҳалиги пенсионер ўқитувчимиз бор-ку? Ўша мени роса сўкди.

—       Нега?

—       Сен ҳам отанг қилган қилиқни қиляпсан, — деди.

—       Вой қўлинг сингуре, сен ҳам ўғирлик қилдингми?-деди ота ғазабини яширолмай.

Ихтиро

Профессор ҳеч нарсани билмаган, лом-лим дея олмаган талабага раҳми келиб, деди:

—       Фанни билмадинг, умуман нимани биласан?

—       Чувалчангни ерга қоқишни биламан, домлажон,- деди талаба.

—       Қани, шу ерда кўрсатчи!

—       Домла, ҳовлига чиқайлик.

Профессор ва талаба ҳовлига чиқишди.

Талаба чувалчангни ушлаб, ерга узун қилиб ётқизди ва “Момент” елимни чўнтагидан олиб чувалчангнинг устига қуйди. Бир зумда елим қотиб қолди. Талаба елим орасида қолган чувалчангни мих каби ерга қоқиб ташлади.

—       Офарин, – деди профессор ва талабага ижобий баҳо қўйди.

Эртасига профессор ўша талабани кафедрага чақиртириб, қўлига юз сўм тутқазди.

—       Ие, бу нима, домла?

—       Келинойинг бериб юборди сенга, иҳтироинг учун. Кеча бозордан “Момент” елимини олиб келувдим. Тажрибада синаб кўрдик: “Удачно!”.

 

Маҳаммадюсуф  МАҲАММАДИМИН ўғли,

 М. Гозиев номли мактабнинг 6 “А” синф ўқувчиси

тайёрлади

2 comments to Ҳангомалар

  • Ориф Фармон  says:

    ОЛАМ ТАБАССУМИ
    *******************************************************
    Ориф Фармон
    тайёрлади

    Эл. адрес: farmonov-50.00@mail ru Тел: 222-15-72
    ————————————————————————————————

    АЛ-МАСУДИ

    Абу-л-Ҳасан Али ибн ал-Ҳусайн ал-Масуди адабиётчи, тарихчи ва сайёҳдир. У тўққизинчи аср охирида келиб чиқиши Муҳаммад пайғамбар сафдошларидан бўлмиш оилада туғилган. Улғайгач, Эрон, Ҳиндистон, Цейлон орқали Каспий денгизигача сайёҳат қилди. Унинг дунё тарихига бағишланган “Ахбар аз-заман” номли катта асаридан фақат айрим парчалари етиб келган.
    Қуйидаги новелла Ал-Масудининг “Олтин ўтлоқ ва сочилган ярқироқ тошлар” китобидан олинган.

    • СУЛЛОҲ ҲАҚИДА

    Кунларнинг бирида халифа Маъмунга ёруғлик ва қоронғилик ҳақидаги Мани динига ўтиб, исломдан қайтган ўнлаб басралик ҳақида хабар етказдилар. Халифа уларни битта занжирга боғлаб Бағдодга келтиришни буюрди. Шундай ҳодиса юз бердики, айбдорларни тўплаганларида уларни кўрган чақирилмаган жойларга меҳмонга бориб юрувчи киши ўзича ўйлади: “Ўҳ-ҳў, бекорга тўпланишмаган булар!” У ҳеч нарсадан шубҳаланмай, диндан қайтганларга қўшилиб кетаверди. Соқчилар шаккокларни кемага чиқардилар.Бояги киши ўйлади: “Демак, сайр ҳам қиларканмиз-да!” У ҳам кемага кўтарилди. Аммо ҳибсдагиларнинг оёқларига кунда урилиб, бир-бирларига қўшиб боғланди.
    —Мана, чақирилмаган жойга меҳмонга бориб бўлдим! – ҳитоб қилди суллоҳ. Кейин бандилардан сўради: — Ёлвораман, айтинглар, кимсизлар?
    Улар жавобан сўрашди:
    —Ўзинг кимсан? Бизнинг диндошми?
    —Худо ҳақи, — деди суллоҳ, — мен сизларнинг ишларинг ҳақида ҳеч нарса билмайман! Мен айтилмаган жойларга меҳмонга бориб кун кўраман.Мана, бугун ҳам айланиб чиқиб, сизларга дуч келдим. Қарасам, ҳурматли қариялар, баркамол йигитлар, ёшлар йиғилган.Ҳаммалари яхши кийинган. Шунда тўйга кетяпсизлар, деб ўйладим. Бирортангизга қарашли одамдай сизларга қўшилиб олдим. ”Олисроқ бирор саройга бораётганлари аниқ. Роса омадим келди-да” деб севиндим. Бахтиёрлигимдан ўзимни қўярга жой тополмай турсам, соқчилар тўсатдан сизларга қўшиб оёғимга кунда солди. Энди нима деб ўйлашни ҳам билмаяпман. Менга тушунтиринглар, нима гап?
    Унинг гаплари нашъа қилган бандилар кулдилар ва жавоб бердилар:
    —Мана, энди тўйгунингча жазонгни оласан. Биз эса манихейийлармиз. Бизларни халифа Маъмун хузурига олиб кетишяпти.Унга юзланишимиз билан сўроққа тутишади: кимлармиз, динимиз қанақа. Тавба қилиб, улуғ таълимотдан воз кечишга чақиради.Қаршимизга Мани тасвирини қўйиб, буюк устоздан воз кечиб, унинг юзига туфуришимизни буюради.Рози бўлганларни кечиради, рад этганларни қатл қилади.Сендан кимлигинг, дининг қанақалигини сўраганда ўз билганингча жавоб беравер.
    Бандилар Бағдодга етиб келиб, халифа Маъмун қаршисига турдилар.Халифа ҳаммаларидан қайси диндалигини сўрай бошлади. Барча манихейийлар ўзларини мусулмон деб атадилар, бироқ халифа Манидан воз кечиб, унинг тасвирига туфуришни буюрганда ҳамда бошқа синовларга дучор қилганда эътиқодларида қаттиқ турдилар. Натижада халифа уларнинг калласини олдирди.
    Навбат суллоҳ кишига келди ва Маъмун унинг шаккоклар орасига тушиб қолганига ҳайрон бўлди.
    —Бу ким ? – сўради соқчилардан.
    —Худо ҳақи, билмаймиз, — жавоб беришди соқчилар.—Анавулар орасида экан, олиб келавердик.
    —Сен кимсан? – сўради Маъмун суллоҳдан.
    Художўйлар ҳукмдори! – деди суллоҳ. – Агар бирор гуноҳим бўлса, Оллонинг қаҳрига учрай! Мен оддий одамман, айтилмаган жойларга меҳмонга бориб кун кечираман. – У воқеани бошдан охиригача гапириб берди.
    Маъмун кулди, унинг қаршисига Манининг тасвирини қўйди. Суллоҳ тасвирни лаънатлади ва деди:
    —Тасвирни менга беринг, уни булғайман. Худо бохабар, Мани дини қанақа — иудейми, мусулмонми, билмайман.
    — Бу одам негадир хурсанд, бирор азобга дучор бўлмасайди, — деди Маъмун.
    Аммо Иброҳим ал-Маҳди шу ерда эди, суллоҳни жазодан қутқариб қолди.
    ***************************************************************************************

    Бўлган гап
    КОММУНИЗМДА

    Совет даври эди. Хиёбонга бир бочка пиво келтиришди. Сотувчи уни очиб, сотишга тайёрланди. Шунда ёнига бир киши келди.
    — Бочкадаги ҳамма пиво қанча туради?
    — Ўзинг ҳисобла: икки юз литр, кружкаси ўттиз тийиндан. Бир юзу йигирма рубль.
    — Мана сенга пул, бор дамингни ол. Кечқурун бўшаган бочкангга келарсан.
    Сотувчи кетди. Бояги киши тепасига «Пиво текин» деган ёзув осиб қўйди.
    Дастлаб одамлар ҳайрон бўлдилар. Кейин аста-секин кела бошладилар. Сўнгра узун навбат пайдо бўлди. Ундан кейин оломон тўпланди. Бақириқ, чақириқ, сўкинишлар эшитилди. Кимдир навбатсиз суқилган, кимгадир пиво етмай қолган. Муштлаш бошланиб кетди. Милиция келди. Оломонни тарқатди. Жанжалкашларни эса машинага тиқишди. Текинга пиво сотган одамни ҳам олиб кетишди. идорада уни сўроқ қила бошладилар.
    — Нима мақсадда тўполон чиқардинг?
    — Ҳеч қандай мақсадим йўқ эди.
    — Ноқонуний савдо билан шуғулландингми?
    — Одамларни текин пиво билан меҳмон қилдим. Гувоҳлар бор.
    — Демак, пиво ўғирланган!
    — Э, йўқ, пулимга сотиб олдим. Бунга ҳақим бор-ку.
    — Балки жиннидирсан?
    — Ақлим жойида.
    — Майли, сени қўйиб юборамиз. Фақат нимага бундай қилганингни айт. Нимага бекорга пул сарфладинг?
    — Хўп, айтсам айтақолай. Ёшим ўтиб қолди. Коммунизмга етолмайман. Шунинг учун комманизм даврида аҳвол қандай бўлишини бир кўрмоқчи бўлдим-да.

    **************************************************************************************
    • СТАКАН БОР
    Михаил Задорнов,
    Россия

    Бир кампир қабристондан гул ўғирлар эди. Чунки нафақаси яшашга етмасди. У ўзича шундай бизнес ўйлаб топганди.Кунларнинг бирида у гул узишга қаттиқ берилганидан янги қабрга тушиб кетганини ҳам билмай қолди.Чуқурдан чиқишининг иложи йўқ эди. Яхши ҳамки ўзим билан озгина егулик олган эканман, деб ўйлади у. Кампир жойлашиброқ ўтиргач, тугунчасини очди–да, кефир ва бутербродни олди. Хуллас, қорнини тўқлаб, тоза ҳавода хузурлана бошлади. У ёнидан кимдир ўтиб қолишини кутарди. Ниҳоят, кечга томон икки кишининг гурунглашганча яқинлашаётганини сезди. Улардан бири шеригига деди:
    — Ҳозир ичган бўлармидинг?
    — Жон деб, лекин идиш йўқ-ку…
    Шу пайт ер қаъридан кампирнинг овози эшитилди:
    — Мана, қароқларим, стаканча бор! – Қабрдан кампирнинг стакан тутган қоқсуяк қўли чиқди.
    Ошналар шундай қочдиларки, дўконга етгунча тўхтамадилар.
    * * *
    Қамоқдан озод бўлган маҳбус узоқ вақт ишга киролмади. Охири жиннихонага шофёр бўлиб жойлашди. Маош тарқатиладиган куни унга “Касалларни бир касалхонадан бу ерга олиб келасан. Кейин пулингни оласан” дейишди. У жуда қувонди. Беморларни олиб келаркан, йўлда тўхтаб пиво ичмоқчи бўлди. Биринчи маошни нишонлаши керак-ку. ”Уларни устидан қулфлайман, дарровда бир кружкани тинчитиб, келаман” деб ўйлади.
    У қайтиб келганда эса микроавтобусида ҳеч ким йўқ эди. Шофёр қаттиқ хафа бўлди. Агар ҳеч кимни олиб бормаса, маошини беришмайди, албатта. У чиниққан ҳар қандай рус эркагининг ишини қилди… Автобус бекатига борди… Одам ғиж эди.
    — Олиб кетайми, оғайнилар?
    — Қанчадан олиб кетасан?
    — Э, текинга!
    — Текин бўлса, қани энди!
    Бекорга “Текин тешиб чиқади” дейишмайди. Собиқ маҳбус одамларни жиннихонага олиб келди ва эшикни очмасдан қабулхонага чопди-да, бориб қичқирди: “Эшикни очганимда уларнинг гапига қулоқ солманглар! Йўл бўйи шунақанги ҳунарлар кўрсатишдики!.. Жиннилар!”
    Кейин у нима гаплиги аниқлангунча олишга улгуриши учун кассага қараб югурди.
    Келтирилган одамларни эса палаталарга жойлаштирдилар. Бир неча кун уларнинг гапларига ҳеч ким ишонмади.
    * * *
    Ёшликдаги бир дўстим бор. Совет даврида театр билим юртида ўқир эди. Лекин муштлашгани учун тўртинчи курсда ўқишдан ҳайдалди. Унинг бўйи баланд, кураш билан шуғулланарди. У бекор қолди, қўлида ҳунари йўқ эди. Охири, бизнесга қўл урди. Кейин тўсатдан дўкончасини сотиб, черковга кетди. Замон ўзгараётганди, у дўкондан кўра черковдан кўпроқ даромад тушишини ҳисоблаб чиқибди. Хуллас, у руҳоний бўлиб қолди. Оғайнимнинг қонида артистлик бўлгани учун суҳбатлари жонли ўтар, тиловатларни Станиславский усулида ҳаяжонли ўқир эди. Тез орада черковга келувчилар уни яхши кўриб, ишониб қолдилар.
    Бир куни кечқурун оғайним кўчада хаёлан даромадини ҳисоблаб борарди. Қаршисидан ичиб олган икки безори кела бошлади.
    — Қара, қара, поп! – деди бири иккинчисини туртиб. – Кел, бир тумшуғини эзиб қўямиз!
    Шериги сўради:
    — Нега энди, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ?..
    — Эсингдами, Иисус китобда нима деган? “Чап юзингга урсалар, ўнгини тутиб бер”. Қизиқ, анаву юзини тутиб берармикин?
    — Бўпти, кўрамиз.
    Эрмакни таклиф қилган безори попнинг олдига бориб юзига шарақлатиб туширди. Улар поп муштлашишни қанчалар соғиниб юрганини қаердан ҳам билсин! Поп “Худо, ўзинг кечир” дея чўқиниб олдию безориларни шунақанги маза қилиб калтакладики!.. Кейин ҳаммаёғи эзилган безориларни қўйиб юбораркан, деди:
    — Тинчгина кетинглар, бўталарим! Сизларни ҳам Худо кечирсин!
    * * *
    Бизникилар Эстонияга борса, зўр таъсиротлар билан қайтадилар. Менга Таллинга борган бизнесмен ошнам қўнғироқ қилди.
    Уни тезликни оширгани учун йўл полицияси тўхтатибди. Эстон полициясига тан бериш керак, улар пора олишмайди. Улар ҳар соҳада америкаликларга тақлид қиладилар — фақат русларга ўхшамасалар бас. Эстончасига сипо полициячи қоида бузганлик учун жарима ёзмоқчи экан. Жаримани юз километр узоқдаги аҳоли пуктида тўлаш мумкин. Қоида бузган рус қандай бўлмасин полициячини эритиб пора тутқазиш йўлини ўйлай бошлабди. Охири, топибди ҳам!
    — Менга қара! – дебди русчани анча яхши гапирадиган полициячига, — ручканг қанчалик ажойиб-а! Мен шарикли ручкалар йиғаман, катта коллекциям бор, ручкангни сот!
    Эстон ўйланиб қолибди.
    — Қанчага?
    — Эллик доллар бераман.
    Эстон чуқурроқ ўйга толибди. Ручка бир ярим доллар ҳам турмас экан. Айтилган нарх яхшига ўхшайди.
    — Элликка сотишим мумкин.
    Сотибди. Бизнесмен эса энди нима бўлишини кута бошлабди. Эстон машинанинг очиқ ойнаси ёнида туриб каловланармиш, чунки жарима ёзишга ручкаси йўқ. Бир пайт тўсатдан ўзига ўзи гапираётгандай, сўрабди:
    — Энди нима билан жарима ёзаман?
    Бизнесмен мантиқли жавоб берибди:
    —Сотиб ол! Ручкангни юз долларга сотаман.
    Эстон:
    — Йўқ, қиммат. Кетаверинг!
    *****************************************************************************************

    Бўлган гап

    ҲАЗИЛКАШ ПОЛИЦИЯЧИ

    Сахар соат учда диспетчер полициячи Никсонни йўл четига чиқиб кетган машинани текшириш учун чақирди. Полициячи қорга тиқилиб қолган машинани топди. Унинг мотори ишлаб турарди. Полициячи унинг орқасидан секин бориб, машина ойнасидан қараб, ухлаб ётган кексароқ кишини кўрди. Унинг ёнида бўш арақ шишаси ётарди.
    Ҳайдовчи ойнанинг тақиллашидан уйғонди. У орқасида чақмоқчироғи ёниб турган машина ва ёнидаги полициячини кўриб гангиб қолдию жон-жаҳди билан газни босди. Спидометр 30—50—60 ни кўрсатди, охири «тезлик» 80 километрга чиқди. Аммо машина ғилдираклари сирғаниб айланганча жойида турарди. Полициячи ичида кулди ва ўзини гўё машина билан ёнма-ён югураётгандай қилиб кўрсата бошлади. Саксон километр тезликдаги машина билан тенгма-тенг чопаётган полициячини кўрган ҳайдовчи хушидан кетаёзди. Ниҳоят полициячи уни четга чиқиб тўхташга ишора қилди. Ҳайдовчи «четга чиқиб» моторни ўчирди.. У нима бўлаётганига тушунолмай гаранг эди..
    Ким айтади полициячида юмор йўқ деб.

    КУЛГИЛИ ЖИНОЯТЛАР

    Америкалик ўғри Дэнни Келли жуда осон қўлга тушди: у кирган уйдан бир қути музқаймоқ топиб олди. Қўлига илинган нарсаларни олиб, уйдан чиқиб кетаркан, йўл-йўлакай ўзи бўшатган музқаймоқ қоғозларини ташлаб бораверди. Қоғозлар бўйлаб борган полициячилар уни ҳибсга олдилар.

    * * *
    Кичкина Кука Ороллари давлатида бир жиноятчи меҳмонхона хўжайинига ҳужум қилди.Полиция эса жиноятчини қидириб ҳам ўтирмади. Чунки меҳмонхона хўжайини уни овозидан таниган экан. Мамлакатнинг бор-йўғи 1800 та аҳолиси бўлиб, жиноятчининг яширинишига имкони йўқ эди.

    * * *
    Ирландиянинг Кукстаун шаҳрида ҳам шунга ўхшаш воқеа юз берди: етиб келган полицияга дарҳол ўғрининг кимлигини айтишди. Сабаби унинг бўйи 2 метру 27 сантиметр бўлиб, ўша яқин атрофда ягона эди.

    * * *
    Ўз хотинига ҳужум қилган Дэррен Уэст юзига горилла ниқобини тутиб олганди. Бироқ хотини уни ўзи дазмоллаб кийдирган кийимидан таниб олди.

    * * *
    Ҳужумга учраган Линда Прайор эрини кийимидан таниб ҳам ўтирмади. Чунки аёл етаклаб олган ити даҳшатли горилла ниқоби ва ўйинчоқ тўппончага алданмади ва эгаси бўлмиш босқинчини бошдан оёқ ялашга киришди.-

    ************************************************************************************

    УЧ ПАРИШТАНИНГ ОНАСИ

    Азиз Несин,
    Туркия

    Чол оёғини зўрға судраб босар эди. Миясида эса турли фикрлар пириллаб айланарди. Мана, улар:
    «Ҳаммасидан қийини ўз оғирлигингни елкангдан ирғитиш…»
    «Автомобиллар худди қутургандай учади-я…»
    «Автомобиллар нақадар серхашам-а, ранг-баранг, русуми ҳар хил…»
    «Қизиқ, оғирлигим қанча экан? Эллик кило? Э, йўқ! Зўрға қирқ беш!..»
    У йўталди. Кейин хўрсинди:
    «Шундай ҳаётга етаман, деб ким ўйловди… Озгина чақам бўлганда эди — иккитагина тешиккулчага!.. Бир стакан чойга…»
    Автомобиллар худди қутургандай еларди. Бир пайт ярқироқ ҳаворанг лимузин пайдо бўлди. Рулда гўё поэзиянинг ўзидай аёл ўтирарди. Сочлари ёйилган. Автомобил тезлигини пасайтирди. Аёл худди чолга синчиклаб тикилаётгандай туюлди.
    Ориқ, ёноқлари ич-ичига ботган чол илжайди.
    «Энди фақат «чап»га юриши қолувди».
    Ярқироқ ҳаворанг лимузин олдинга ўтиб тўхтади. Чол у билан тенглашганда аёл ойнадан бошини чиқарди. Йўқ, у хато қилмабди: аёл чиндан ҳам унга тикилаётган экан.
    Ҳаворанг лимузин сал юриб, яна тўхтади. Аёл ундан кўзини узмасди. Балки адашаётгандир, кимгадир ўхшатаётгандир? Ёки унга раҳми келдими? «Кўзига яхши кўриндиммикан, ишқилиб?» – ғамгин истеҳзо билан ўйлади чол.
    Ҳаворанг лимузин гоҳ олдинга юрар, гоҳ тўхтарди. Чол кўчанинг ўнг томонига ўтиб олди. Аёл машинанинг бошқа ойнасидан унга тикила бошлади.»Ёшлигимда чиройли ҳисобланардим-ку ахир», — қўлларини белига қўйиб ўйлади чол.
    У кўчанинг чап томонига қайтди. Ҳаворанг лимузин унинг ёнида тўхтади ва аёл ойнадан қичқирди:
    — Эшикни оч, ўтир!
    Чол гангиб қолди. Аммо аёлнинг кулиб турган юзи далда берди ва у машинага ўтирди. Лимузин қўзғолди. Аёл индамасди. Чол ҳам жим эди. Лимузин катта уй олдига келди. Дарвоза ёнида уларни хизматчи қиз кутиб олди, у чолга ҳайрат билан боқди.
    Улар ажойиб жихозланган хонага киришди ва аёл ўша заҳоти чолга буюрди:
    — Ечин!
    — Хоним, ҳеч бўлмаса ювиниб олишга рухсат этинг.
    — Ечин деяпман!
    Энди унда ҳеч қандай шубҳа қолмаганди. Очлик ва чарчоғини ҳам унутиб, кўзлари билан аёлнинг йўғон сонларию дуркун кўкракларини еб қўяй дерди. «Нимага бўлиши мумкин эмас?! – ўйлади у. – Мен унинг инжиқлигиман. Қалби буюрган ва у айнан мени танлаган»
    «Э, Худо, шарманда қилма!» — чол дуо ўқиб шимини ечди-да, аёл томон юрди.
    — Иштонингни ҳам еч! – буюрди аёл. У қўнғироқ тугмасини босди. Ўзидай хушбичим хизматчи қиз кирди.
    Чол сергак тортди. Энди буниси ортиқча! – ўйлади у. – Менинг ёшимда иккитасига бас келиш қийин».
    Бека хизматчига деди:
    — Тарбиячитга айт, болаларни буёққа олиб келсин!
    Хизматчи чиқиб кетди. Чол яланғоч турарди. Ё совуқдан, ёки ҳаяжондан бадани титрарди. Бир пайтлар эшитганди, қандайдир гўзал аёл хиёнат қилган эридан ўч олиш учун дастлаб учраган эркакни уйига таклиф этибди. «Мана бу ҳам мени ўч олиш қуроли қилмоқчи шекилли», — ўйлади чол.
    Хонага хизматчи, тарбиячи ва учта бола кирди. Болаларнинг каттаси ўн ёшда, кичиклари олтиларда — икки қиз ва бир ўғил. Уч ажойиб паришта.
    «Хизматчи билан тарбиячи садқаи сар, — ўйлади чол, — аммо болаларнинг олдида…»
    Чолнинг оёқлари чиллакдай, қўллари чилвирга ўхшаш, бўйни бамисоли палоч эди. Ҳатто узоқдан ҳам қовурғаларини санаса бўларди. Одам эмас, ифлос сариқ тери қопланган скелет…
    Бека тарбиячига юзланди:
    — Ойсел бугун овқат едими?
    — Жуда озгина. Какаони ичмади, — жавоб берди тарбиячи.
    — Гексел-чи?
    — Бу сира егани йўқ.
    — Олтин-чи?
    — Кичкина бир бўлак шоколад еди.
    Гўзал аёл болаларга ўгирилиб, озғин, кир-чир чолни кўрсатди.
    — Манаву одамни кўряпсизларми? У озиб скелетга айланган. Агар овқат емасаларинг, сизлар ҳам худди шунга ўхшаб қоласизлар.
    Уч паришта қўрқиб онасининг семиз сонларига тиқилишди. Поэзиядай гўзал аёл чолга ҳукмдорларча амр қилди:
    — Энди тез кийин-да, қорангни ўчир!

    **************************************************************

  • Ориф Фармон  says:

    ОРИФ ФАРМОН

    БИР ОЛАМ КУЛГИ

    Юмор инсонни кулдириб кўнглини ёзади, хафагарчиликни нари ҳайдайди, ташвиш юки гўё енгиллашади. Шунинг учун кулги, ҳазилни қадрлаймиз, унга интиламиз. Юмор ижобий ҳиссиётлар, яхши кайфият манбаидир. Хурсанд бўлиб яшаш эса саломатлик ва узоқ умр омили.
    Ушбу китобда ҳаётда учраган кутилмаган қизиқарли воқеалар жамланган.
    Ханда конини қазинг.

    Бир аёл кичкина ўғилчасини кўтарганча дўконга кириб арақ сўради. Ўғилнинг томоғи оғриб қолган, арақ билан компресс қилмоқчи эди. Сотувчи аёлга ғалати қаради ва истамайгина шишани узатди. Орага жимлик чўкди. Бола аҳволни тушунди ва онасини ҳимоя қилмоқчи бўлиб деди:
    — Оқ алақ аямга эмас, менга!

    * * *
    Бир киши “Запорожец” машинасини сира кўрмаган экан. У қараса, машина эгаси капотни очиб, ўтин юклаётган эмиш. Шунда у “Ие, ўтинда юрадиган машина ҳам чиқибди-да” деб ҳайрон бўлган экан.

    * * *
    Қазиш ишлари олиб бораётган икки археолог дам олиш куни шаҳарга чиқиб, дўконларни айланиб юрдилар. Кийим-кечак дўконида археологлардан бири чиройли шляпани кийиб ўзини кўзгуга солиб кўрди. Кейин шеригидан сўради:
    — Қалай, яхшими?
    — Яхши-ку, лекин бу шляпада қабрга қандай кирасан?
    Уларнинг гапини эшитиб турган сотувчи қизнинг кўзлари ҳайратдан олайиб кетди.

    * * *
    Онаси ичиш учун ичида санаб дори томчилатаётган эди. Ота ўғлига ҳазиллашиб деди:
    — Аянгга томчини санашивормайсанми?
    — Ҳаммаси томиб бўлсин, кейин санайман, — жавоб берди бола.

    * * *

    Ишга кеч қолаётган Шокир йўлни қисқартириш учун мактаб стадионини кесиб ўтмоқчи бўлди. Стадион темир панжара билан ўралганди. Дарвозаси эса қулф экан. Шокир ортга қайтишга эринди. У нима қиларини билмай турганди, болалар панжаранинг орасидан эпчиллик билан ўтаётганини кўрди. У ҳам икки сим оралиғига суқилдию елкаси ташқарига ўтиши билан тўхтади. Тиқилиб қолганди. Уввало уринмасин на уёққа, на буёққа силжишнинг иложи йўқ эди. Шокир жон-жаҳди билан тарақа-туруқ қилавергач, панжаранинг бир бўлаги ўрнатилган жойидан чиқиб кетди. Шокир белида панжара бўлаги, ажабланганча нима қилиб қўйганига ҳайрон бўлиб турарди. У ноилож кўча томон жўнади. Уни кўрганлар қотиб-қотиб кулишдан ўзини тиёлмасдди.
    У кимдан ёрдам сўрашни билмай кетиб бораркан, яқин орадаги машина тузатиш устахонаси эсига тушди. Усталар ҳам кула-кула панжаранинг икки қовурғасини домкрат билан букиб Шокирни ҳалос қилдилар.

    ШПАРГАЛКА
    Университетда бир домла шпаргалкани ниҳоятда ёмон кўрарди. Агар бирор талабани шпаргалка билан ушлаб олса, жаҳлдан қизариб кетар, уни аудиториядан ҳайдаб чиқарарди. Домла контрол иш пайти столларнинг тагини текширишдан ҳам тоймас эди. Яна у гоҳ-гоҳ талабаларга назар ташлаб газета ўқиб ўтиришни яхши кўрарди. Бир куни имтиҳон топшириладиган бўлди. Талабалар иложи борича орқароқдаги столга ўтиришга ҳаракат қилдилар. Сулаймонов деган талаба эса тўғри домланинг қаршисидаги жойни танлади. Домланинг столи билан у ўтирган стол ораси икки-уч қаричгина эди. Ҳамма вазифа олди. Пешанани сиқиб, пишиллаб, уф тортиб вазифани бажариш бошланди. Домла шпаргалка билан қўлга тушган икки талабани ҳайдаб чиқаришга ҳам улгурди. Натижада бошқалар шпаргалка тугул дастрўмолини олишга ҳам қўрқиб қолдилар. Домла тинчланиб жойига ўтирди ва газетани кўзига тутди. У ҳар замонда газетани пастга тушириб, аудиторияга нигоҳ ташлар ва яна ўқишга тутинарди.
    Бир пайт энг олдиндаги столда ўтирган Сулаймонов қўйнидан қалингина коспектини чиқарди ва домланинг столига қўйди. Дафтарнинг керакли бетини очиб, бемалол кўчира бошлади. Домла бир нимани сезди ва газетасини тушириб, унга қаради. Сулаймонов алланимани ёзиш билан банд эди. Домла газетани кўтариб ўқишда давом этди. Сулаймонов эса кўчиришни давом этдирди. У ер, бу ердан пиқиллаган кулги овозлари чиқди. Домла газетани кескин тушириб Сулаймоновга қаттиқ тикилди. Кейин ўрнидан турди, газетани Сулаймоновнинг конспекти устига ташлади ва аудиторияни айланди. Шубҳали нарса йўқ эди. Домла елка қисиб жойига ўтирди. Талабалар ўзларини зўрға тутардилар. Сулаймонов бемалол газета пансидаги конспектининг кейинги варағини очди. Талабаларнинг кўпчилиги кулиб юбормаслик учун оғзига кафтини босганча столга ияк тираб олгандилар. Домла газетани столга ташлаб, сакраб ўрнидан турди ва Сулаймоновни сал бўлмаса тинтиёзди. Лекин ҳеч нарса топилмади.
    Бирпасдан кейин Сулаймонов ишини битириб конспектини қўйнига тиқди ва вазифани топширди. Шунда домла ўзини тутолмади.
    — Сиз кўчирдингиз! – деди жаҳл билан.
    — Йўғ-е. Домла, қандай қилиб кўчираман? Кўрдингизми?..
    — Кўрганим йўғу биламан! Лекин қандай қилиб?!
    — Кўчирганим йўқ. Ана, болалар ҳам тасдиқлайди…
    — Бўпти, гап бундай. Қандай кўчирганингизни айтинг, “тўрт” қўяман.
    Сулаймоновнинг айтишдан ўзга чораси қолмади ва домла юрагидан суғургандай бўлиб “тўрт” қўйди.

Написать ответ

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>