Энг яхши дори

Эртаклар яхшилликка етаклар

Сафо деган кичкина қизча ўрмонга борибди. Ям-яшил дарахтлар, ранг-баранг гулларни кўриб жуда завқланибди. Уйга қайтаётганда йўлидан адашиб қолибди. Ҳафа бўлганидан йиғлаб юборибди. Шу пайт қулоғига:

–       Нега йиғлаяпсан? – деган майин овоз эшитилибди.

Сафо бундай қараса, бир қушча тилга кириб, ундан ҳол аҳвол сўраётган экан.

–       Адашиб қолдим,-дебди қизча. Шунда қушча:

–       Йўлингни кўрсатиб қўяман, – дебди меҳрибонлик билан. Шундай деди-ю, Сафони уйигача кузатиб қўйибди. Хайрлашай деб, Сафога яқинлашган экан, кутилмаганда қизча уни тутиб олибди. Сўнг қушчани қафасга солиб қўйибди.

–       Сени яхши кўриб қолдим қушча. Ҳар куни дон, сув ва истаган нарсангни бериб тураман. Қорнинг тўқ бўлади, ҳеч нарсага зориқмайсан, – дебди Сафо..

Қуш маъюс жавоб берибди:

–       Мени озодликдан маҳрум қиладиган меҳрибон одамга муҳтож эмасман.

Сафо унинг сўзларига қулоқ солмабди.

Кунлардан бир кун Сафо қушчанинг сайрамай қўйганини, ғамгинлигини, кундан-кунга сўлиб бораётганини сезиб қолибди ва ундан сўрабди:

–       Сенга нима бўлди? Тобинг қочдими?

–       Оғир касал бўлиб қолдим, – дебди қушча.

–       Ҳозирроқ табибга олиб бораман.

–       Мени даволайдиган дорини ўзим биламан.

–       Ўша дорини номини айт, дарров олиб келаман.

–       Қафаснинг  эшигини очсанг, айтардим, – дебди қушча.

Сафо қафаснинг эшигини очибди.

Қушча учиб чиқибди-ю:

–       Мени озодлик даволайди. У қувватимни ҳам бахтимни ҳам қайтиб беради, – дебди.

Сафо қанот қоқиб учаётган қушчани кузатиб қолибди. Қушча учун ҳамма нарсадан озодлик абзал эканлигини тушинибди.

Мавлуда БЎРИБОЕВА,

М. Собиров номли мактабнинг

10 “Б” синф ўқувчиси тайёрлади

Написать ответ

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>