Менинг мактабим – истеъдодлар маскани

                                                                                                                     Scan0002

Мактаб барча инсонлар ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ёшликдаги энг ширин хаёллар, хотиралар айнан мактаб билан боғлиқ бўлади. Агар Ватан киндик қонинг тўкилган остонадан бошланса, ҳаёт йўлинг мактаб остонасидан бошланади.

Мен билим олаётган мактаб- Қадамжой тумани Учқўрғон қишлоғидаги А.С. Пушкин номли ўрта мактаб қанчадан – қанча инсонларнинг ҳаёт йўлдоши бўлган. Ўтган асрда барпо этилган бу таълим маскани ҳозирги кунга қадар жажжи қизалоқ ва кичкинтойларни ўз бағрига чорлаб, уларга мустаҳкам билим бериб, тарбиялаб, йиллар давомида чиниқтириб, етук ва баркамол шахс қилиб  шакллантириб катта ҳаёт йўлига жўнатмоқда.

Биз  “Қизил изтопарлар” тўгараги аъзолари мактабимизнинг тарихини доимий равишда ўрганиб борамиз. Дарҳақиқат унинг тарих саҳифаларини варақласангиз, Улуғ Ватан уруши йилларининг гувоҳи бўлган мактабимиз  салкам бир аср ичидаги фаолияти давомида нафақат Қирғизистон, балки  бутун дунё бўйлаб теран илдиз отганлигининг гувоҳи бўласиз. Мактаб тарихидан сўзлайдиган бўлсак, у 1932-йили қуриб битказилиб, кўп ўтмай ўз касбининг усталари- ўқитувчилар жамоасига айланиб улгурган. Мактабимизнинг битирувчилари дунёнинг энг нуфузли олий ўқув юртларида билим олишиб, ўз касбларинг мукаммал усталари сифатида эл орасида танилган. Бу анъана ҳозир ҳам давом этиб келмоқда. Мактабимиз таниқли  сиёсий арбоблар, машҳур санъаткорлар, Ватан ҳимоячиларининг болалик, ёшлик хотиралари маскани эканлиги бизни фахр ва ифтихорга тўлдиради.

                                                                                                                    Пушкин мактаби

Мактабимизнинг янги биноси 1975-йили фойдаланишга топширилган. Бу мактабимиз тарихининг яна бир ёрқин саҳифасидир. Бугунги кунда мактабимиз Учқўрғон қишлоғидагина эмас, балки бутун вилоят  ва республикада  таълим беришнинг замонавий жиҳозлари билан қуролланган намунали мактаблардан биридир. Ҳеч бир вилоят, республика олимпиадаси бизнинг ўқувчиларимизсиз ўтмайди. Иқтидорли ўқувчиларимиз ОБСЕ, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО сингари халқаро ташкилотларнинг ёшларга бағишлаб эълон қилган барча лойиҳалари ва танловларида мунтазам қатнашиб, унинг ғолиблари ва иштирокчиларига айланишган.

Яна бир сўз. Мактабимиз нафақат иқтидорли ўқувчилари билан балки, илғор ва етук устозлари, фахрли инсонлари билан ҳам фахрланади. Кўпчиликнинг етук ва баркамол  инсон бўлиб етишишларида уларнинг хизматлари беқиёсдир. Ўзган Юлдашев, Комилжон Камолов, Кумушхон Саримсоқова,  Робахон Юлдашева, Злата Алексеевна Разоренова,  Лолахон Юлдашева, Тўтихон Муллажонова ва бошқа юзлаб ўз касбининг фидоийлари ана шулар жумласидандир. Улар таълим маскани тарихида ўз номларини олтин битиклар билан муҳрлаб қўйишган.

Аминманки, мактабимиз келажакда ҳам вилоят, республикадаги илғор ўқув муассасаларидан бир бўлиб қолади. Мен эса ана шу мактабнинг ўқувчиси эканлигимдан фахрланиб юраман.

Абдурахмон ТУРСУНАЛИЕВ,

Боткен вилояти Қадамжой туманининг

Учқўрғон қишлоғидаги А.С. Пушкин номли

мактабнинг 11- синф ўқувчиси,

“Қизил изтопарлар” тўгарагининг аъзоси

Написать ответ

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>