Синовлар қандай ўтяпти?

Қирғизистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги шу йилнинг май ойида  республикадаги умумтаълим мактаблари ( қирғиз, рус ва ўзбек мактаблари ) учун Жаҳон банки томонидан эълон қилинган 2-4-синфлар учун дарсликлар ёзиш бўйича ўтказилган Халқаро танловга якун ясаган эксперт комиссия ва Қирғизистон Таълим академиясининг олимлар Кенгаши қарорига мувофиқ  ҳамда 4-синф дарсликларини синовдан ўтказиш ва 2014-2015- ўқув йилига қарата дарсликларни мактабларга ўз вақтида етказиб бериш мақсадида  буйруқ эълон қилган эди.

Бугунги кунда  ана шу буйруқни амалга ошириш, 4-синф учун ёзилган дарсликларни синовдан ўтказиш учун танлаб олинган республикадаги 38 та қирғиз, рус ва ўзбек тилларидаги  мактабларда тажрибали ўқитувчилар томонидан дарсликлар синовдан ўтказилмоқда. Бундан ташқари Қирғизистон Таълим академияси, Ўш, Иссиқкўл  таълим институтлари,  республикадаги ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар учун дарсликлар яратиш Маркази мутахассислари ва республикадаги барча вилоят ва туман таълим бошқармалари шунингдек, дарсликлар муаллифлари ҳам синовни сифатли ўтказишда фаол иштирок этишмоқда.

Яқинда Қирғизистон Таълим академияси томонидан ташкил этилган ташкилий гуруҳ дарсликлар синовдан ўтказилаётган республикадаги барча мактабларда бўлиб, дарсликларнинг  синовдан ўтказилиши билан танишиш билан бирга,  бу борада синов ўтказаётган ҳар бир фан ўқитувчисига ўзларининг илмий ва амалий маслаҳатларини  бердилар.

Шунингдек Қирғизистондаги ўзбек мактаблари учун дарсликлар яратиш Маркази директори, Қирғизистон Миллий Фанлар Академиясининг академиги М.Т. Мамасаидов бош бўлган марказ мутахассислари, бу ерда тайёрланган дарсликлар муаллифлари ҳам дарсликлар синовдан ўтказилаётган ўзбек тилида ўқитиладиган мактабларда тез-тез бўлиб туришибди. Бу учрашувларда ўқитувчилар синовдан ўтказилаётган 4-синф учун тайёрланган янги  “Қирғиз тили”, “Ўзбек тили”, “Адабий ўқиш”, “Математика”, “Ватаншунослик”, “Русский язык и чтение”, “Мусиқа”, “Тасвирий-бадиий меҳнат” дарсликлари юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини очиқ-ойдин изҳор қилмоқдалар. Ана шундай учрашувлар Боткен вилояти Қадамжой тумани Учқўрғон қишлоғидаги А.С. Пушкин номли ўрта мактаб, Ўш шаҳридаги И. В. Панфилов номли ўрта мактаб, Ўзган шаҳридаги Амир Тимур номли ўрта мактаб ва Жалолобод шаҳридаги Қ.Зокиров номли ўрта мактабларда бўлиб ўтди.

Муаллифлар томонидан яратилган янги дарсликларни  мактабларда бевосита тегишли фан ўқитувчилари томонидан синовдан ўтказиш ўтган йили жорий қилинган эди. Бу ишнинг амалга оширилиши  муаллифлар томонидан ёзилаётган дарсликлар ичидан  танлов асосида энг яхшиларини танлаб олиш имконини бериш билан бирга, унинг сифатини яхшилаш имконини бермоқда. Тўғрироғи бундан кейин яратилаётган янги дарсликлар тақдирини ўқитувчиларнинг ўзлари ҳал қиладиган бўлди.

Муҳаррир ахбороти

                                                                                                                   DSCN1362

Суратда: Жалолобод шаҳридаги Қ. Зокиров номли ўрта мактабдаги учрашув  пайти. Қирғизистондаги ўзбек мактаблари учун дарсликлар яратиш Маркази қўлёзмалар бўлими мудири, филология фанлари номзоди, ЎшДУ доценти, 4-синф учун янги тайёрланган “Адабий ўқиш” дарслигининг муаллифи Оқибатхон Исманова мактабнинг бошланғич таълим бўйича директор ўринбосари Барно Жўрабоева ва бошланғич синф ўқитувчилари Маҳфиратхон Асранқулова, Людмила Александровна Абаевалар билан дарсликларни синовдан ўтказиш юзасидан ўз маслаҳатларини бермоқда.

Написать ответ

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>