Ҳамкасбларимга тилакларим

                                                                                                                   DSCN1542

Дунёдаги барча касблар ичида ўқитувчилик  касби азалдан қадрланиб, эъзозланиб келади. Чунки у бўлажак инсонни тарбиялайди, таълим беради. Оламга машҳур олиму, фузалолар, таниқли инсонларнинг барчаси устозлар таълим-тарбиясини олган.Бирон бир инсон йўқки илк бор ҳарф танитиб, ёзиш-чизишни ўргатиб саводини чиқарган биринчи устозини унутган бўлса. Шу боис бўлса керак мен ана шундай фахрли ва машаққатли касбни эгаллаганимдан ҳечам афсусланмайман.

Мактабимизда меҳнат қилаётган ўқитувчиларнинг  ҳаммаси менинг фикримни тасдиқлашлари шубҳасиз. Улар касбигагина эмас, болаларга меҳрини, қалб қўрини бағишлаган чинакам инсонлар десам  муболаға бўлмайди.Шу боис бўлса керак жамоамиз ўқувчиларга таълим –тарбия беришда  замонавий усулларни қўллаб, барча жабҳаларда муваффақиятли ютуқларга эришиб,  шаҳар мактаблари ўртасида ўзининг ўрни борлигини намоён этиб келяпти.

Ўтаётган йилни сарҳисоб қиладиган бўлсак, 2013- йил  ўқитувчиларимиз учун ҳам, ўқувчиларимиз учун ҳам самарали, ютуқларга бой йил бўлди.Жумладан жамоамиз  қирғиз тилини ўрганиш бўйича шаҳар мактаблари ўртасидаги танловда ўтган ўқув йилида 2-ўринни эгаллаган бўлса, бу йил 1-ўринни эгаллашга эришди.Шаҳарда ўтказилган зонал олимпиадада 14 нафар ўқувчимиз, шаҳар олимпиадасида эса  3 нафар ўқувчимиз фахрли ўринларни эгаллади.9-синф ўқувчиси Одинахон Шерматова Қирғизистон Президентининг ташаккурномасини олишга сазовар бўлди. Севимли ёзувчимиз Чингиз Айтматовнинг 85 йиллиги муносабати билан энг яхши эссе ёзиш бўйича ўтказилган шаҳар  танловида 10-синф ўқувчиси Нурулло Абдурашид ўғли шаҳар мэриясининг ташаккурномасини олишга эришди.Хуллас бу рўйҳатни яна давом эттириш мумкин.

Биз ана шундай ютуқлар билан янги йилга қадам қўйяпмиз.Келгуси йилга мўлжаллаган режаларимиз ҳам талайгина. Ўйлайманки жамоамиз янги йилда ҳам бундан кўпроқ муваффақиятларни қўлга киритади.Мен барча жамоамиз аъзоларини, ўқувчиларни кириб келаётган Янги йил билан чин юракдан муборакбод этаман.Уларга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ўқиш ва ишларида улкан зафарлар тилайман.

 Одинахон МИРЗАБОЕВА,

Ўш шаҳридаги И.В. Панфилов номли

 мактаб-гимназиянинг директори.

Написать ответ

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>