Янги йил муборак!

Дунёнинг тилаги, самари ҳам биз,

Ақл нурин зиёси, жавҳари ҳам биз,

Тегарак жаҳонни узук,  деб билсак,

Шаксиз унинг кўзи, гавҳари ҳам биз.

Дарҳақиқат, тегарак жаҳонни устоз ва шогирдсиз  тасаввур қилиб бўлмайди. Устоз доим шогирдини яхшими-ёмонми барибир ўз қалбининг ички торларида асраб-авайлаб келади, қоқилганда  тираб, ютуқларга эришганда чексиз хурсанд бўлади. Устоз-шогирд тизими кенг маънода ҳаётимизнинг барча жабҳаларида ўз аксини топади.

Мактабимизда устоз-шогирд ўртасидаги бир-бирларига бўлган муносабат, муомала ҳавас қилса арзигулик. Устозларимизнинг деярли барчаси шогирдларини ўз фарзандларидай кўради, ҳар бирига меҳрини, қалб қўрини беради.Биз шогирдлар ҳам устозларимизга суяниб қолганмиз. Уларни жонимиздан ортиқ севамиз, ардоқлаймиз, берган ҳар бир ўгитларига қулоқ тутамиз, билим ва сабоқларини миямизга қуямиз.

Шунинг учун, Янги йил арафасида устозларни табрикламоқ даркор деб ўйлайман.

Барча устозларга Янги-2014-йилда юлдузлар тоқининг марварид доналарини, она заминдан қалқиб чиққан тиниқ ва бокира булоқ сувларини, дастурхонимиз кўрки бўлган нондек азизликни ва чинор каби умр боқийликни тилаб қоламан.

Фурсатдан фойдаланиб,  мактабимизнинг барча ўқувчилари ҳамда синфдошларимни ҳам кириб келаётган Янги йил билан чин қалбимдан муборакбод этаман ва уларга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, ўқишларида улкан муваффақиятлар тилаб қоламан.

 

Зарина СОЛИЕВА,

Ўш вилояти Қорасув туманидаги

М. Собиров номли ўрта мактабнинг

11-синф ўқувчиси.

Написать ответ

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>