Касбига фидоий устоз

Ҳар гал устозимиз,  бошланғич синф ўқитувчиси Зуҳрахон Раҳимова эрта тонгдан мактаб остонасига қадам қўйганда  бир тўп ўқувчилар унга салом беришиб  қуршаб олишади, худди оналаридай унинг бағрига отилишади, қўлидаги нарсаларини кўтаришиб биргалашиб синфга кириб келишади. Устоз ўқитаётган ўқувчилар бу йил 4-синфда билим олишяпти. Улар мана тўрт йилдирки устозидан қўлларига илк бор ручка олишиб ҳарфни танишди, ёзишни, ўқишни ўрганиб олишди.Тўғрироғи устозларига суяниб, яқин фарзандидай бўлиб қолишди.

                                                                                                                    DSCN1674

Ҳа, чиндан ҳам биринчи ўқитувчи ҳар бир ўқувчининг қалбида бир умрга етгулик из қолдиради. Биринчи устозини эсламаган биронта инсон бўлмаса керак. Устозимиз З. Раҳимовада ҳам ўқитувчилик касбига бўлган ҳавасни ўша биринчи устози уйғотган. У ўрта мактабни битириб Тошкентдаги В.И.Ленин номли педагогика билим юртининг бошланғич таълим педагогикаси ва методикаси бўлимини битириб, 1992-йилдан Қизилқиядаги Ҳамид Олимжон (ҳозирги Чингиз Айтматов номли ўрта мактаб) номли ўрта мактабга ишга келди. Бу ерда устозлари Дилором Мазакирова, Ҳакима Йўлдошева ва Хайрихон Жўраевалардан дарс ўтиш сирларини ўрганди. Энг муҳими  болаларга бўлган меҳр-муҳаббати  туфайли ўқувчилари қалбига йўл топа олди. Кўп ўтмаёқ жамоада яхши ўқитувчилар қаторида тилга олинадиган бўлиб қолди.

Мана йигирма йилдан ошибдики устоз юзлаб ўқувчиларга билиб бериб келмоқда. Ҳар доим ўз устида ишлаб тажрибаларини ошириб бормоқда. Ўқитишнинг янги иновацион усулларини ўзлаштирмоқда. Шу боис бўлса керак яқинда 4-синф учун чоп этилган дарсликлар синовини ўтказиш унга ишониб топширилди. Унинг шогирдлари бугунги кунда турли касб эгалари, улар тез-тез биринчи устозидан хабар олиб туришади. Айниқса мактабимизнинг  бошланғич синф ўқитувчиси Сайёра Мирзакаримова устозидан ҳозир ҳам сабоқ олиб туради, тажрибаларини ўрганади.Шоҳида Кулаева, Дилдора Турсуналиевалар эса шифокорлик касбини эгаллашган. Бундай шогирдлари номини кўплаб келтириш мумкин.

Мен ҳар доим  ана шу устозимга ҳавас билан қарайман ва келгусида ўқитувчилик касбини эгалламоқчиман.

Мадина ТЎХТАСИНОВА,

Боткен вилояти Қизилқия шаҳридаги Чингиз Айтматов

номли ўрта мактабнинг 10-синф ўқувчиси

Написать ответ

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>