Наврўзи олам бугун

Бойчечак чиқибди, бугун Наврўз экан!

Ҳамма бир-бирига жигар сўз экан.

Олам ҳам баробар кеч-кундуз экан.

Бойчечак чиқибди, бугун Наврўз экан!

Наврўзни байрам қилиш Ўрта Шарқ  ва Ўрта Осиё мамлакатларида қадимдан таркиб топган анъанадир. У инсоннинг жуда қадимдан шакллана бошлаган маълум удум, урф-одатлари кундалик турмуш эхтиёжлари, атроф-муҳит, табиат омиллари билан муносабатлари заминида вужудга келган. Асрлар ўтиши билан бу урф-одатлар мамлакатлар, халқлар ўртасида иқтисодий маданий алоқалар ривожланиши замирида кенг ёйила борган, мазмунан бойиган ҳамда  маълум ўлкалар доирасида тарқалиб, мустаҳкам анъанага айланган.

Ёзма манбаларда  Наврўзнинг қадимийлигига ишора этувчи талай ривоятлар мавжуд. Айрим маълумотларга кўра, Наврўз қадимги эронликларда аҳмонийлар давридан (мелоддан аввалги 558-330-йиллар) бошлаб одат тусига киран. Наврўз ҳақида энг тўла маълумотлар ва аниқ илмий хулосалар Шарқ ёзма манбаларида буюк олим Абу Райҳон Беруний (973-1048-йиллар) нинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Қонуни масъудий” ва “Ат-таҳвим” асарларида, Умар Ҳайёмнинг (1054-1131) “Наврўзнома” рисоласида  ёзиб қолдирилган.

Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида Наврўз ҳақида  шундай ёзади: “Эрон олимларининг баъзиси: — У кунни Наврўз деб аташининг сабаби шуки, Жамшид подшоҳ бўлгач, мажусийлар динини янгилади ва бу иш қилинган кун “Наврўз”- “Янги кун” деб аталди”.

Умар Ҳайём ҳам “Наврўзнома” асарида Наврўз нишонланиши ҳақидаги ривоятларни подшоҳ Жамшид даврига тақайди ва шоҳ Қаюмарс Ҳамал ойининг биринчи куни йил боши ҳисоблансин,-деб фармон берганини ҳам эслатиб ўтади. Наврўз бобокалон  шоиримиз Алишер Навоий назмидан ҳам ўрин олган.Унинг “Садди Искандарий “ достонида Наврўзнинг байрам қилиниши таъкидланган:

Ки бу сур эрур олам афрўз ҳам,

Хусусан эрур фасли Наврўз ҳам.

Наврўз-тақвим-календарь удумлар жумласига киради. Наврўз –деҳқончилик байрамининг 21-мартда баҳор кирган пайтида ўтказилишининг ўзи байрам, ўзи разий. Чунки, Наврўз қизғин экин-тикин, дала –боғ ишларининг бошланиши бўлган. Деҳқонлар, боғбонлар, чорвадорлар қишнинг рутубатли кунларидан омон-эсон чиқиб, катта деҳқончилик ишларига жиддий тайёргарлик кўрганлар, ариқ-зовурларни тозалаганлар.

Наврўз куни кишилар устозларидан, табаррук кексалардан “оқ фотиҳа”, “оқ йўл” олганлар.Фарзандлар вафот ота-оналари, яқинлари  қабрини зиёрат қилганлар, шогирдлар кексайиб қолган устозларини йўқлаб, хонадонларига ташриф буюриб, кўнгилларини овлаганлар.

Ўзига тўқ оилалар мусофир, бева-бечораларни  совғалар билан йўқлашган. Катта қозонларда ош дамлаб юртга берилган. Катта сайллар: улоқ чопиш, кураш, мерганлик-камон отиш каби халқ ўйинлари уюштирилган. Сайлларда нонвойлар ўзларининг жиззали сўлқилдоқ иссиқ нонлари билан, қандолатчилар турли попук қандлар, ҳолва, пашмак, новвот, парварда  каби ширинликлар билан хизмат қилишган. Улар ўзларининг маҳоратлари билан эл оғзига тушганлар. Ошпазлар палов, норин, сомса каби турли таомлар билан сийлашган.

Дошқозонларда сумалагу, ҳалимлар пиширилиб, юрту, элга тортилган. Бугунги кунда бизнинг ўлкамизда ҳам кўклам нафаси уфуриб, ўйингоҳларда, кенг майдонларда, шаҳар ва худуд марказларида, қишлоқлару  далаларда, маҳаллаю  гузарларда, билим масканларида оммавий сайил сифатидаги Наврўзи олам бўлиб ўтмоқда.

Наврўз-халқ байрами. Сайилларда қизиқчи ва дорбозлар, сўз усталари-аскиячилар, шоир ва суҳандонлар, қўшиқчи ва раққосалар сайил аҳлини хушнуд этмоқдалар. Наврўз байрами, баҳор фасли, халқ шодиёнаси ва тантаналари қалбларимизга  яхши ният, эзгу бахт, шоду-ҳуррамлик, ҳузур-ҳаловат, завқу илҳом олиб кирсин.

Гина-қудрат пайтимас, аразни қўй, бўлди тур,

Сумалака аталган даҳсари қозонни қур.

Не-не қаҳратонлардан қутулиб чиққан умр,

Тағин етиб келганинг-Наврўз муборак сенга!

Бахтиёрхон ДОЛИМОВА,

Ўш вилояти Қорасув туманидаги

А.Парпиев номли ўрта мактабнинг

ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси,

Қирғизистон Республикаси Таълими аълочиси

Написать ответ

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>