Шарқда наврўзи олам

Фоторепортаж

DSCN1794

Эрта тонгдан Қорасув туманидаги Шарқ қишлоқ ҳукуматининг ям-яшил  ўйингоҳи ҳамма орзиқиб кутган янги йил, янги кун байрами-Наврўз либосини кийди. Майдоннинг атрофига ўрнатилган бўз уйлар атрофига қўйилган дошқозонларда сумалак, шўрвалар пишяпти. Ёзилган дастурхонларга баҳор неъматлари кўк сомса, кўк чучвара, турли пишириқлар, мева-чевалар тўшалган. Ҳар бир бўз уй қишлоқ  ҳукуматидаги мавжуд ташкилот ва муассасалар мактаблар, болалар боғчалари оилавий шифохоналар, маҳаллалар жамоаларини англатади. Улар бу байрамга катта тайёргарлик билан келишди.

                                                                                                                      DSCN1809

Қишлоқ ҳукумати ташаббуси билан  “2014-йил -Давлатчиликни мустаҳкамлаш йили” га бағишланиб  10 дан ортиқ миллат вакилларин ташкил этган 40 минга яқин аҳоли истиқомат қилаётган қишлоқда Наврўз байрамини ўтказиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Байрамни шоду-ҳуррамлик билан, дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳида ўтказиш учун ҳар бир миллат ўз миллий урф-одатини намойиш этувчи саҳна кўринишлари, миллий қўшиқ ва рақслар ижро этиш ва ҳар бир жамоаа бир ёки иккитадан кам таъминланган оилаларнинг суннатга ётқизадиган болаларига бирдан қўй сўйиб, уларга кийим-кечак қилиб суннат тўйларини  ўтказишга қарор қилинди.Бунинг учун қишлоқ ҳукумати ўз жамҳармасидан маблағ ажратди, ҳомийлар топилиб ишга киришилди. Бу ташаббус ҳар бир қишлоқ аҳолиси қалбига ўт солдими, ҳамма байрамга ўз ҳиссасини қўшишга интилди. Байрамга ана шундай катта тайёргарлик билан кириб келинди.

                                                                                                                      DSCN1799

Майдон ўртасига ўрнатилган саҳна атрофи турли миллатларнинг миллий кийимларини кийиб олган ёш-у –қарига тўлди.Ҳамманинг чеҳрасида табассум, байрам кайфияти ҳукм сурмоқда. Баҳор, Наврўзга аталган қўшиқ ва куйлар янграмоқда.

Байрамни Шарқ қишлоқ ҳукумати бошлиғи А. Жолдошев очиб, ҳамқишлоқларини ва бу ерга ташриф буюрган азиз меҳмонларни Наврўз, дўстлик байрами билан муборакбод этди.

Сўз Қирғизистон Республикаси ҳукуматининг Ўш вилояти бўйича ваколатли вакили-губернатор С.Ж.Жээнбековга  берилди. У вилоят давлат маъмурияти ҳамда шахсан ўзи номидан бутун қишлоқ аҳлини Наврўз байрами билан қизғин муборакбод этди.—Кўпмиллатли Шарқ қишлоғи аҳолисининг бугунги кайфиятини, аҳил ва иноқ, бир ота-она фарзандларидай бўлиб байрам ўтказишаётганини кўриб қалбим қувончларга тўлди, дейди у,- Биз қанча интифоқ бўлсак, мамлакатимиз, халқимиз  шунча мустаҳкам бўлиб гуллаб-яшнайди. Биз қанчалик жипслашсак, душманларимиз шунча биздан чўчийди. Бахтимизга ёш республикамиз ривожланаверсин, обод бўлаверсин!

                                                                                                                      DSCN1796

Шунингдек  Қорасув тумани давлат маъмуриятининг бошлиғи Т.И.Матраимов ҳам қишлоқ аҳлига ўз байрам табригини изҳор қилди.

Шундан сўнг С.Ш.Жээнбеков ва Т.И.Матраимовлар саҳна олдида тизилиб турган суннат тўйи бўлаётган болаларни табриклашиб уларнинг бошларига оқ қалпоқлар кийгизишди, турли-туман ўйинчоқлар совға қилишди ва дошқозонда пиширилган Наврўз таоми-сумалакни очишиб оғиз тегишди. Байрам тантаналари бошланди.

Қишлоқдаги мавжуд барча ташкилот ва муассасалар саҳнада бирин-кетин ўз байрам дастурларини намойиш қилишди.Қирғиз, ўзбек, рус, турк ва бошқа тилларда қўшиқлар ва рақслар ижро этилди.Айниқса Наврўзни кутиб олиш маросими ер ҳайдаш, ерга уруғ сепиш, янги йилни кутиб олиш кўринишлари барчада катта таассурот қолдирди. Ёзилган тўкин дастурхонларга қишлоқнинг фаоллари, қариялар, мунис онахонлар, хуллас катта-ю кичик таклиф қилинди.

Шу кунги байрам кечгача ўйин кулгулар билан  давом этиб,  унинг иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.Айниқса бу кун мактаб ўқувчилари ёдида бир умр сақланиб қоладиган байрам бўлиб қолди.

Муҳаррир ахбороти

Tags:  

Написать ответ

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>