Дарсликлар синови ниҳоясига етди

Қирғизистон Республикаси Таълим ва фан вазирлигининг махсус буйруғи билан Қирғизистондаги ўзбек мактабларининг 4-синфи учун чиқарилган янги “Қирғиз тили”, “Рус тили”, “Ўзбек тили”, “Адабий ўқиш”, “Математика”, “Ватаншунослик”, “Мусиқа”, “Тасвирий-бадиий меҳнат” дарсликлари синовини ўтказиш республикадаги 6 та ўзбек мактаби, жумладан Жалолобод вилояти Жалолобод шаҳридаги №2 — мактаб, Боткен вилояти Лайлак туманидаги Тўқтағул номли ўрта мактаб, Ўш вилояти Новқат туманидаги Р.Хўжамов номли ўрта мактаб, Ўзган шаҳридаги Амир Тимур номли ўрта мактаб ва Ўш шаҳридаги И.В.Панфилов номли мактаб-гимназия ва М.В.Фрунзе номли ўрта мактабларга топширилган эди.

Мазкур мактабларнинг бошланғич синф ўқитувчилари  янги ўқув йилидан бошлаб дарсликлар синовини ўтказишга астойдил киришдилар. Дарсликларни синовдан ўтказишда фақатгина ўқитувчиларгина эмас, балки ўқувчилар ҳам фаол иштирок этишди.Ҳар бир ўқувчига юқорида номлари қайд қилиб ўтилган дарсликлар берилди. Улар мактабда ва уйда ҳар бир мавзу бўйича устозлари билан ҳамкорликда шуғулландилар, дарсликлар юзасидан фикр-мулоҳазаларини устозларига айтиб бордилар. Ҳар бир дарсда ўрганилган мавзу бўйича билдирилган фикрлар республика Таълим ва фан вазирлиги ва Қирғизистон Таълим академияси ташкил этган  экспертлар гуруҳи томонидан берилган махсус журналга қайд қилиб борилди.

                                                                                                                           DSCN1675

Қирғизистон Таълим академиясининг ташкилий-илмий методик бўлими бошлиғи С.Жаанбоев етакчилик қилган гуруҳ таркибидаги  И.Арабаев номли  Қирғизистон Давлат университетининг бошланғич мактабларда қирғиз, рус тилларини ўқитиш технологияси кафедрасининг доценти, педагогика фанлари номзоди М.Раимбекова, Халқаро “Ататурк-Ала-Тоо” университетининг педагогика-психология кафедрасининг мудири, педагогика фанлари номзоди Г.Адилова, И.Арабаев номли Қирғизистон Давлат университетининг Бадиий маданият таълими факультетининг Тасвирий санъат ва дизайн кафедрасининг доценти Л.Амираева, шу университетнинг катта ўқитувчиси А.Муратова, Қирғизистон Таълим академиясининг етакчи мутахассиси, педагогика фанлари номзоди Г.Тагаевалар юқорида номлари тилга олинган янги дарсликлар синовдан ўтказилаётган  бошланғич синфлардаги бевосита иштирок этишиб, дарсликлар юзасидан ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг фикр ва мулоҳазалари билан танишиб турдилар. Мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари ҳар бир янги дарсликнинг ютуқ ва камчиликларини очиқ-ойдин изҳор қилиб бордилар, таклифларини ҳам ўртага ташладилар.

Маълумки Қирғизистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги буйруғи билан бундан кейин яратилаётган барча янги дарсликлар ўқитувчилар ва ўқувчилар синовидан ўтказилади.Ўтган ўқув йилида 3-синф учун чиқарилган янги дарсликлар синовдан ўтказилиб, провардида дарсликлар савияси ва сифатини ошириш имконини   берган эди.

Мухаррир ахбороти

Написать ответ

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>