Мактаб бошқарувида-ўқувчилар кўмакдош

                                                                                                                  Алишер

Мактабимиз нафақат Ўзган шаҳридагина эмас, балки бутун Ўш вилояти, қолаверса республикада танилган ўқув даргоҳларидан биридир. Бу ерда билим олганларнинг кўпчилиги бугунги кунда барча соҳаларда самарали меҳнат қилишиб мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ривожланишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. Бугунги кундаги ўқувчилар эса шаҳар, туман, вилоят ва республика миқёсидаги барча мусобақаларда нуфузли ўринларни эгаллашиб, мактабимиз мавқеини тобора кўкка кўтаришмоқда.

Чунончи ўтган йили мактабимиз волейбол ва футбол бўйича ўтказилган шаҳар мусобақасида фахрли 1-ўринни эгаллаган бўлса,  Ўзган шаҳрида физика ва география фанлари  бўйича мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган олимпиадада синфдошим Гуласал Иброҳимова ва мен иштирок этиб унинг ғолиби бўлдик. Вилоят олимпиадасига йўлланма олиб у ерда ҳам совринли ўринни эгаллаб қайтдик.

Мен ана шу мактабда ўқиётганимдан фахрланаман.Мана икки йилдирки мактаб президенти сифатида фаолият кўрсатиб келяпман.Таълим, соғлиқни сақлаш, ички ишлар, атроф-муҳит муҳофазаси, спорт ва бошқа соҳалар бўйича жами 7 та министрим мавжуд бўлиб, улар билан ойига икки марта йиғилиб, мактабимизда тўпланиб қолган масалаларни муҳокама қилиб, улар устидан тегишли қарорлар қабул қилиб турамиз.Унда асосан ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштиришлари, тартиб-интизоми, бир-бирларига қилётган зўравонлигига қарши кураш ва бошқа масалаларни муҳокама қилиб борамиз.

Яқинда Ўзган туман ички ишлар бошқармаси мактаб ўқувчилари ўртасидаги рекетчиликни бартараф этиш бўйича танлов лойиҳасини ишлаб чиқди. Биз ҳозир бу танловда иштирок этиш учун ўз дастуримиз устида ишлаб, Титов номли ўрта мактаб ўқувчилари билан беллашишга тайёргарлик кўряпмиз.Бундан ташқари хуқуқ-тартибот органлари ходимлари бизга бу мавзу бўйича тез-тез маърузалар ўқишиб, учрашувлар ўтказиб туришибди.

Янги ўқув йили бошланиши билан юқори синфлар ўртасида “Илм боғи” деган интелектуал ўйин ўтказдик.Бу ўйин 3 босқичдан иборат бўлди.Унда ўқувчиларимизнинг билим савиялари қай даражада эканлигини аниқлаб олдик. Ғолиблар совғалар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.Шунингдек устозларимизнинг касб байрамларига бағишлаб уларга концерт дастуримизни тортиқ  этдик.

Куни-кеча министрларимиз билан бўлган навбатдаги йиғилишда кам таъминланган  оилаларнинг фарзандлари, ота-онаси йўқ болаларга ўқишида моддий ва маънавий ёрдам бериш, шунингдек мактабга қатнамай қўйган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари устида ишлаш масалалари муҳокама қилинди.Уларнинг рўйхати тузилиб, масъул шахслар биркитилди.

Бугунги кунда юқори синфлар ўртасида  “Олтин куз саҳовати” мавзусида фасл байрами танловини эълон қилдик. Ноябрь ойи бошларида бу танловни ўтказмоқчимиз.

Мактаб президентлигини бошқаришимда менга ёрдам бераётган устозларим –мактабимиз директори Матлюба Мусабоева, тарбиявий ишлар бўйича унинг ўринбосари Муҳаббатхон  Сайдуллаева, синфимиз раҳбари Гўёхон Шокирова, министрлар Гуласал Иброҳимова, Сардор Айсаев, Абдуманноп қизи Муҳаббат ҳамда барча синфдошларимдан миннатдорман.

                                                                  Алишер АЗИМОВ,

                                              Ўзган шаҳридаги

В.И.Ленин номли мактабнинг

11-синф ўқувчиси,

мактаб президенти

Написать ответ

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>