Кўҳна билим даргоҳи

Ўзган шаҳридаги З.М.Бобур номли ўрта мактабдан фоторепортаж

DSCN1713

Мактабимиз  шаҳардаги кўҳна билим даргоҳларидан бири бўлиб, у ўз фаолиятини 1932-йили маҳаллий бойларнинг уйида бошланғич мактаб сифатида бошлаган.Кейинчалик 8 йиллик мактабга айлантирилди. !952-йилдан бошлаб қўшимча бино қурилиши муносабати билан ўқувчилар сони кўпайиб ўрта мактаб сифатида фаолият кўрсата бошлади. 1972-йили 870 ўқувчига мўлжалланган янги мактаб биноси қуриб битказилиб, мактаб жамоаси унга кўчиб ўтди.

Ўтган йиллар мобайнида мактабимиз  замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозланиш билан бирга, малакали ўқитувчилар билан таъминланди.Ўқувчиларга таълим бериш сифати йилдан-йилга яхшиланиб бориб, бу соҳада қувончли ютуқлар қўлга киритилди.Мактаб шаҳардаги етакчи мактаблар қаторидан ўрин олди.

Бугунги кунда ўқувчилар ҳар бир фан бўйича тегишли ўқув қуроллари билан жиҳозланган хоналарда билим олишмоқда.71 нафар ўқитувчи 1357 нафар ўқувчига билим бермоқда. Ўқитувчиларнинг 60 нафари ўз соҳасини пухта эгаллаган олий маълумотли, 11 нафари ўрта махсус билимга эга мутахассислардир. 4 нафари эса олий ўқув юртларида ишдан ажралмаган ҳолда билимларини ошириб боришмоқда. Улардан 22 нафари Қирғизистон Республикаси Таълими аълочиларидир.

                                                                                                                  DSCN1708

Мактабимизда ўз касбига меҳр қўйиб, ўқувчилар ҳурматини қозонган, самарали меҳнати билан шаҳарга танилган ўқитувчилар сафи талайгина. Ҳалимахон Умарбоева, Азизахон Носирова, Шарипахон Мавлонова, Соҳибахон Сотволдиева, Ҳадяхон Хўжаназарова, Холидахон Исақова, Маҳбубухон Пратова ва бошқалар на шулар жумласидандир.

Мактабни бошқариш ўқувчилар зиммасига юклатилган. Ўқувчилардан ташкил топган ўзини-ўзи бошқарув таркибида президент ва 7 та соҳа бўйича министр мавжуд. Уларнинг ҳар бири ўз йўналишлари бўйича фаолият кўрсатади.Бизга И.Қодиржонова ва Г. Содиқова каби устозлар ҳар доим маслаҳатчи, кўмакдош.

Тожихон АҲМАДЖОНОВА,  

Ўзган шаҳридаги З.М. Бобур номли

ўрта мактабнинг 11-синф ўқувчиси, мактаб президенти.

 

Санъат ғунчалари

 

DSCN1703

Мактабимизда 2004-2005-ўқув йилида ташкил этилган “Оқ маржон” театр –рақс тўгарагида  иштирок этаётганлар сони кўпайиш билан бирга унинг репертуари ҳам кенгайиб бормоқда. Ўтган йиллар мобайнида эришаётган ютуқларимиз ҳам талайгина. Тўгарагимизга аъзо бўлган жами 25 нафар ўқувчи нафақат миллий,  балки қардош ва жаҳон халқлари рақслари, куй ва қўшиқларини ўрганиш билан бирга, кичик саҳна асарларини саҳналаштириб ёш томошабинларга тортиқ қилмоқда.

 Бизни бугунги кунда нафақат шаҳримизда, балки туман ва  вилоятда яхши танишади.Тўгаргимиз аъзолари тез-тез шаҳар, туман ва вилоятимиздаги мактабларга бориб ўз концерт дастурларини, шунингдек саҳна асарларини намойиш қилиб туришади.Жумладан 2010-2011-ўқув йилида ОБСЕ халқаро ташкилоти томонидан ташкил қилинган “Тинчлик” лойиҳасида иштирок этиб, ундан олинган грант ҳисобига “Қуйруқли Ҳасан” номли эртакни саҳналаштириб, шаҳар ва туманимиз мактаблари ўқувчиларига намойиш этдик.

                                                                                                                   DSCN1700

Тўгарагимиз шаҳар, туман, вилоят миқёсида ўтказилаётган турли фестивал ва танловларда ҳам иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллашга муваффақ бўлишган. Ўтган ўқув йилида туманимизда ўтказилган “Дўстлик” фестивалида қатнашиб энг олий мукофот “Гранпри” ни олишга муваффақ бўлдик. 2013-йили Ўзган шаҳар ҳокими томонидан ташкил этилган “Ҳоким арчаси” да қатнашиб фахрли биринчи ўринни эгалладик.

Йилдан-йилга репертуаримиз бойиб бормоқда. Дастлаб унинг дастуридан  ўзбек, қирғиз, рус халқларининг рақс, куй ва қўшиқлари ўрин олган бўлса,  ҳозир жаҳон халқларининг рақс, куй ва қўшиқлари киритилди.Биз кейинги пайтда нафақат ўзбек,  балки қондош қирғиз халқининг эртаклари, болалар учун ёзилган бадиий асарларини саҳналаштиришга алоҳида эътибор беряпмиз.Бу ўқувчиларнинг бошқа халқлар тили, урф-одати, санъати билан чуқурроқ танишиш имконини беряпти.

Тўгарагимизга иқтидорли, санъатга ихлос қўйган ўқувчилар танлаб олинади. Унга аъзо бўламан деганлар сони йилдан -йилга кўпайиб бормоқда. Уларнинг ёши чегараланмаган, унда бошланғич синф ўқувчиларидан тортиб,  юқори синф ўқувчиларигача бор.Г.Анваржонова, Г.Мирсултонова, Икромжон қизи Фотима, С.Аҳмаджонова, С. Неъматжонова, Г. Ҳамдамжонова, З. Қодиржонова каби тўгарагимиз аъзолари бугунги кунда ўзларининг санъати билан томошабинларга таниш бўлиб қолишган.

 Лойиҳалардан, ҳомийлардан тушган маблағлар ҳисобига тўгарак аъзолари учун ўзбек, қирғиз, рус ва бошқа халқларнинг миллий кийимларини тиктирганмиз, мусиқа асбоблари сотиб олганмиз. Мақсад келгусида мактаб ансамблини ташкил этишдир.

Мадина УМАРБОЕВА,

“Оқ маржон” тўгарагининг бадиий раҳбари.

Суратларда тўгарак аъзолари рақс ижро этишмоқда

Написать ответ

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>