Барчага ибратли умр эгаси

DSCN1527

Мана ярим асрдан ошибдики, мактабимизнинг тарих ва жамиятшунослик бўйича ўқитувчиси, бошланғич синфлар бўйича илмий бўлим мудири, устоз Турдихон Қодирова ҳамон мактаб қучоғи, болалар бағрини  тарк этмай ўзининг севган касбида сидқидилдан меҳнат қилиб  келяпти. Бу устоз ҳақида гап кетганда  кўпчилик устозларимиз, “Бошқа касбда билмадик-у, лекин ўқитувчиликда, айниқса  болалар ичида, уларга меҳрини, қалб қўрини бериб ишлаган жойда, бу ерни тарк этиш, ташлаб кетиш жуда ҳам қийиндир” дейишади. Чиндан ҳам шундай бўлсак керак. Буни устоз Турдихон Қодирова мисолида яққол кўришимиз  мумкин.

Устоз ҳар гал мактаб остонасига қадам қўяр экан, унинг атрофини мактаб ўқувчилари ўраб олишади, ўқитувчилар бағрини очиб саломлашади, шунда мактабимизга файз киргандай бўлиб кетади. Чунки устоз ўқувиларнингина эмас, балки устозларимизнинг устозидир. Уларга ҳам бир вақтлар билимини, меҳрини аямаган, уларнинг севимли муаллимасигина эмас, балки ҳаёти ва ишларида  яқин маслаҳатчиси бўлиб қолган. Унинг кўплаб бошқа шогирдлари эса бугунги кунда нафақат Қирғизистон, балки Марказий Осиёдаги бошқа давлатларда таниқли инсонлардир.

                                                                                                                    DSCN1544

Турдихон Қодированинг ҳаёти ва меҳнат фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, у Андижон Давлат педагогика институтининг бошланғич синфлар методикаси факультетини ҳамда Фарғона Давлат университетининг тарих факультетларини  муваффақиятли битириб, 1960-йилдан бошлаб М. Калинин номли ўрта мактабда болаларга бошланғич таълим ўқитувчиси сифатида билим бера бошлаган. 1973-йилдан бошлаб бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаш билан бирга Ўш шаҳридаги Наримонов номли, А.С. Пушкин номли ва А. Рудакий номли ўрта мактабларда бошланғич синфлар бўйича илмий бўлим мудири бўлиб ишлаган.

1975-1982-йиллар устознинг ҳаёти ва меҳнат фаолиятида алоҳида ўрин тутади.У ана шу йиллар давомида Ўш шаҳридаги етакчи таълим муассасаларидан бири- А. Рудакий номли ўрта мактабга раҳбарлик қилиб, унинг ўқув базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, ўқувчиларга таълим-тарбия бериш сифатини яхшилаш, янги замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозлашга, ўқитувларнинг нуфузини ва малакасини оширишга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган инсонлардан биридир.

Устознинг таълим соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати муносиб тақдирланган. У “Катта ўқитувчи” деган шарфли номни олишга муяссар бўлган. Бундан ташқари Қирғизистон халқ  таълими аълочиси ҳамдир. Вилоят, шаҳар давлат маъмуриятлари, вилоят ва шаҳар таълим бошқармаларининг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.

Турдихон Қодирова нафақат ҳаммага ибратли устоз, балки оиласида меҳрибон она ва суюкли буви ҳамдир. Қизлари Гулнора ва Дилфузахонлар, ўғли Равшанбек ҳам онасининг касбини эгаллашган. Улар шаҳардаги таълим муассасаларида ёшларга билим бериб келмоқда. Хатто тўрт нафар набираси ҳам ўқитувчилик касбини танлашган. Устоз 1996-йили муқаддас Ҳаж сафарига бориб ҳаж амалларини бажариб келган.

Ҳа у ўз касбидан бахтини, саодатини топган, умри бошқаларга ибрат инсонлардан биридир. Мактабимиздаги барча устозларимиз унга ҳавас билан қарашади, унга ўхшаб яшаш ва ишлашга интилишади. Устознинг ҳаёти биз ёшлар учун ҳам намунадир.

Фарҳод ҲАЙДАРОВ,

Ўш шаҳридаги А. Рудакий

номли мактаб-гимназиянинг

11-синф ўқувчиси.

Написать ответ

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>