“Адабиётлар дўстлиги-халқлар дўстлиги”

Яқинда Қорасув туманидаги  Ҳамза номли ўрта мактабда “Адабиётлар дўстлиги-халқлар дўстлиги “ мавзусида туман мактабларининг қирғиз тили ва адабиёти ҳамда ўзбек тили  ва адабиёти фани ўқитувчиларининг семинари бўлиб ўтди. Мазкур тадбир нафақат қирғиз халқи, балки бутун дунё халқларининг севимли ёзувчиси Чингиз Айтматов таваллуд топган куннинг 85 йиллиги ва ўзбек халқ шоири, бахт ва шодлик куйчиси Ҳамид Олимжоннинг 104 йиллигига бағишланди. Семинарни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, бу соҳа ўқитувчиларининг янги замонавий ўқув усуллари ва технологияларидан қандай фойдаланаётганлиги ва ўз навбатида ўқувчиларга  бу фанлар юзасидан қандай билим  берилаётганлиги юзасидан ўзаро тажриба алмашишдан иборат эди.

Семинар давомида турли мавзуларда очиқ дарслар ўтилди. Ўқитувчилар бу дарсларда ўқувчиларга Чингиз Айтматов  ва Ҳамид Олимжонларнинг ҳаёти ва ижоди, улар яратган  асарларнинг бугунги кунда тутган ўрни ва  аҳамияти, уларда илгари сурилган  дўстлик ғояларини қандай ўргатаётганликларини намойиш этдилар.

Семинар якунида Чингиз Айтматов ижодига бағишланган “Чингиз Айтматов-олам ёзувчиси”, Ҳамид Олимжон ижодига бағишланган  “Эрк деганнинг тилагида яшайман” деган мавзуларда адабий кечалар ўтказилди. Уларда ўқувчилар икки буюк ёзувчи ва шоир яратган асарлари қаҳрамонлари қиёфасини акс эттирган саҳна кўринишларини намойиш этдилар ҳамда асарларидан парчалар, шеърларидан намуналар ўқидилар.

Семинарда Ўш Давлат университетининг доценти Равшанбек Турсунов, Қорасув тумани таълим бошқармасининг ўзбек тили ва адабиёти методик бирлашмасининг бошлиғи Мавлудахон Райимжонова ва бошқалар иштирок этиш билан бирга семинар юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини изҳор этишиб,  уни намунали деб баҳоладилар ва бу тадбир ташкилотчиларига миннатдорчиликларини билдирдилар.

Мазкур тадбир унинг иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Сирожиддин ТУРСУНБОЕВ,

Ўш вилояти Қорасув туманидаги

Ҳамза номли ўрта мактабнинг 11-синф ўқувчиси.

Написать ответ

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>