Қирғиз тили муаллимаси

рис 6Бугунги кунда мамлакатимизда Давлат тили- қирғиз тилига,  уни ривожлантиришга  катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан ўқув ўзбек тилида олиб бориладиган бизнинг  мактабда ҳам  бошланғич синфларидан тортиб, то юқори синфлардаги ўқувчиларга бу тилни ўзлаштирибгина қолмай, ўзбек халқига қондош ва жондош бўлган қирғиз халқининг тарихи, маданияти, урф-одати, санъатини ўргатиш борасида катта кўламдаги иш тадбирлари амалга оширилмоқда. “Манас” нинг етти васияти, “Манас” эпосини ўрганиш ва ёдлаб айтиш, қирғиз халқи ёзувчи ва шоирларининг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган кечалар, кўрик-танловлар  ана шулар жумласидандир.

Яқинда нафақат қирғиз халқи, бутун дунё халқларининг севимли ёзувчиси Чингиз Айтматов таваллуд топган куннинг қутлуғ 85 йиллигига  бағишланиб деярли барча сифларда ва мактаб миқёсида унинг асарларини чуқурроқ ўрганиш  бўйича театрлаштирилган саҳна кўринишлари намойиш этилиб,  уларда мактаб ўқувчилари ёзувчининг таниқли  асарларидаги  қаҳрамонлар образларини яратдилар, мактабимизнинг ёш рассомлари ўртасида ана шу қаҳрамонлар қиёфасини расмларда акс эттириш бўйича танловлар ўтказилди. Деярли икки ой давомида бўлиб ўтган бу тадбирлар ўқувчиларда катта таассурот қолдириш билан бирга, Чингиз Айтматовнинг ҳаёти ва унинг асарларига чуқурроқ кириб бориш ва ўрганиш  имконини яратди десам муболаға бўлмайди.

Ҳа, Қирғизистонда яшаймизми қирғиз тилини ўрганишимиз, бу тилда иккинчи она тилимизда сўзлашгандай сўзлаша олишимиз лозим. Масалан мен бугун 9-синфда ўқийман. Бошланғич синфдан тортиб, то шу кунгача ҳар бир синфда қирғиз тили ва адабиётини ўрганиб келяпмиз. Мен ҳозир қирғиз тилида батафсил сўзлаша олиш билан бирга қирғиз тилида ижод қилиб шеърлар ёзяпман. Шунингдек синфдошларим ҳам қирғиз тилида бемалол сўзлаша олишади. Шаҳримиздагина эмас, балки туманимиздаги мактабларда қирғиз дўстларимиз бор. Улар билан тез-тез учрашиб турамиз.

DSCN1557Мактабимизда кейинги пайтларда қирғиз тилини ўрганишга бўлган қизиқиш ортиб боряпти.Шу боис  2012-йили қирғиз тили синфи очилди. Бу синфни тажрибали қирғиз тили муаллимаси Дилдорахон Ҳайитбоева ўқитмоқда. Устознинг таржимаи ҳолига назар ташлайдиган бўлсак, у ана шу мактабимизни 1993-йили кумуш медаль билан тамомлаб, Тошкентдаги В.И. Ленин номли педагогика билим юртига ўқишга кириб уни муваффақиятли битирган. Меҳнат фаолиятини ҳам шу мактабдан бошлаган.Ишдан ажралмаган ҳолда Ўш технология университетига ўқишга кириб ўқиб олий маълумот олган. Бошланғич синфларда қирғиз тили ўқитувчиси  бўлиб сидқидилдан ишлаб шаҳардаги  “2011-йил ўқитувчиси” кўрик танловида иштирок этиб,  фахрли биринчи ўринни, Ўш вилоят танловида эса совринли ўринлардан бирини олишга сазовор бўлган.

-Ҳозирги кунда мен  ўқитаётган ўқувчилар 2-синфда ўқишяпти. Улар аллақачон  қирғиз тилида ёзиш ва сўзлашишни ўрганиб олишган, -дейди биз билан суҳбатда устоз Дилдорахон Хайитбоева.- Шиорим мақсад сари интилиш. Ҳозирги синфни юқори синфга чиқариб, яна янги қирғиз тилида ўқитиладиган синф очишдан иборат. Болалар қирғиз ва ўзбек тиллари бир-бирига ўхшашлиги учун қирғиз тилини тез ўзлаштиришиб олишяпти.Лекин ўхшаш бўлса-да айрим атамалар ва талаффузлардаги фарқлар кўп. Мен кўпроқ ўқувчиларнинг ана шу фарқларни изчил билиб олишларига ҳаракат қиляпман.

Устознинг машаққатли, лекин шарафли ишларида улкан ижодий муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Раёна ЗАБИДИЛЛАЕВА,

Ўзган шаҳридаги Алишер Навоий

номли ўрта мактабнинг 9-синф ўқувчиси

Написать ответ

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>