Сепкиллар югурганда тўкилиб қолса…

                                                                                                        

Сепкилларни уй шароитида бартараф этиш усуллари.

Бу гап «Ватан» бадиий фильмини кўрганлар учун ғалати туюлмаслиги аниқ. Бош қаҳрамонни урушга олиб кетишаётганда қаллиғи – Гунафша машинанинг орқасидан кўзида ёш билан югураётган сюжетни яхши эслайсиз, албатта. Ўшанда у Гунафшага, «Югурма, сепкилларинг тўкилиб кетади», дейди. Ўша кинодан сўнг, сепкилдан қутулиш чорасини тополмаётганлар «қанийди, сепкиллар югурганда тўкилиб қолса», дейишган бўлса ҳам ажаб эмас. Лекин афсуски, бу усул самара бериши ҳақида ҳозирча ҳеч қандай далил, исбот йўқ. Келинг, яхшиси, сепкилларни бартараф этишнинг аниқ усуллари ҳақидаги тавсияларни ўрганамиз.

 Фақат оқ-сариқдан келганларда учрайдими?

Асосан шундай. Сепкил – организмнинг ўз-ўзини ультрабинафша нурларидан ҳимоялаши жараёнида келиб чиқадиган реакциялар маҳсулидир. Бундай нурлар эса асосан мала сочлилар учун хавфли. Чунки уларнинг терисида бўялувчи пигмент – меланин миқдори кам. Шу туфайли қуёшда куйиб қолиш эҳтимоли юқори. Терида пайдо бўлувчи пигментли нуқтача – сепкиллар тўғридан-тўғри тушаётган нурларни ўзига тортиб олади ва шу орқали терини куйиб қолишдан ҳимоялайди. Терисида меланин миқдорли етарли бўлганларнинг (буғдойранг, қорачадан келган) организми сепкилга эҳтиёж сезмайди.

 Олдини олиш

Терида пайдо бўлган сепкиллар билан курашиш ҳазилакам иш эмас. Бироқ, уларнинг ёқимсиз сарғиш тусга кириши, доғга айланишининг олдини олса бўлади. Бунинг энг осон йўли– қуёшдан ҳимояловчи воситалар ҳисобланади. Кўзойнак, кепка, айвони кенг шляпа ультробинафша нурларининг тўғридан-тўғри юзга тушишидан ҳимоялайди. Қуёшнинг фаоллик пайтида (кундузги соат 12 ва 15 оралиғи) соя-салқин жойдан чиқмаганингиз маъқул. Агар бунинг иложи бўлмаса, қуёшдан максимал ҳимояловчи кремлардан фойдаланинг. Уларнинг SPF рақами қанча баланд бўлса, ҳимоя шунча кучли бўлади.

Баҳорда таркибида аскорбин ва никотин кислотаси бўлган маҳсулотлардан кўпроқ истеъмол қилиб туринг. С. витаминли маҳсулотларни ҳам. Улар терининг қуёш нурларига таъсирчанлигини пасайтиради. Бундай маҳсулотларга қуйидагилар киради: кўк пиёз, наъматак дамламаси, цитрус ўсимликлар, қора ва қизил қорағат (смородина), олма ва ҳ.к.

 Сепкилни уй шароитида бартараф этиш

Баҳорда ва эрта ёзда петрушка барглари ва поясидан ниқоб тайёрласангиз, кузда бу ниқобни унинг илдизидан тайёрланг. Бунинг учун петрушка гўшт қиймалагичдан ўтказилиб (2 ош қошиқ бўлсин), тозаланган юзга 20-30 дақиқага суртиб қўйилади (кўз атрофидан ташқари). Сўнг совуқ сувда ювиб, ҳали нам терига озиқлантирувчи крем суртилади.

Тоза бодрингни айлана шаклда тўғраб, 20 дақиқага юзга териб қуйинг. Сўнг олиб ташланг. Ёки кун давомида юзингизни бодринг шарбати билан артиб юринг. Уни ювиб ташлаш шарт эмас.

Бир ҳовуч момоқаймоқ гуллари устидан қайнаган сув қуйинг. Совугач, тиндириб бирор шиша идишчага солиб қўйинг. Бу лосьон билан сепкиллар зич жойлашган жойларни артиб, 30 дақиқадан сўнг ювиб ташланг.

http://www.jpg.uz дан олинган

Охунжон ҚОДИРОВ тайёрлади

Написать ответ

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>