“Тишнинг оқини кўрсатиш кулган бўлавермайди”

( Бирма халқ эртаги )

Бир куни маймун дарё бўйига сув ичгани борибди. У энди сув ичмоқчи бўлиб турган экан, бирдан тимсоҳ чиқиб қолиб, маймуннинг оч биқинидан тишлаб олибди. Қаттиқ оғриқдан тишини – тишига қўйганча маймун индамай тураверибди. Буни кўрган тимсоҳ ўйлабди: “ У мендан қўрқиш у ёқда турсин, ҳатто тишини оқини кўрсатиб тиржайяпти ҳам!”

─Ҳой, узундум маймун, нимага тиржайиб куляпсан? ─  деб сўрабди у.

─ Кулишимнинг боиси, сен сув йиртқичи бўлсанг ҳам ғирт аҳмоқ экансан, умрингда маймун тутиб емаганинг шундоқ кўриниб турибди, ─ деб жавоб қилибди маймун.

─ Ҳой тасқара маймун, нега мен ҳақимда бундай хаёлга бординг?

─ Чунки, ҳой, каллаварам қўтир халта, биз маймунларнинг юраги баданимизда эмас, думимизда бўлади. Бошқа тимсохлар маймун овласа, шарта унинг думидан тутиб олишади. Сен бўлсанг, эй, ақлини моғор босган чувалчанг, келиб – келиб биқинимдан тишлаб олдинг, шунинг учун ҳам сендан асло қўрқмайман. Сендан шунинг учун ҳам куляпман,  ─ деб жавоб берибди маймун.

Тимсох маймуннинг гапига ишониб, уни думидан қайта тишлаб олмоқчи бўлиб, оғзини очган экан, маймун фурсатдан фойдаланиб бир сакраб қирғоққа чиқиб олибди. Тумсохнинг оғзидан бутун чиққан маймун қирғоқдан анча узоқлашгач, шундай деб қичқирибди:

─ Ҳой, оч ичак, қусқи, мен нимадан кулганимни энди тушунгандирсан? Мен сенга қараб тиржайганим йўқ эди. Қаттиқ оғриқдан тишимни – тишимга қўйиб чидаб тургандим. Каллангни қипиқ билан тўлдириб олган бўлсанг, менда нима айб.

Шундай деди–ю, маймун ўрмонга қараб йўл олибди.

“Тишнинг оқини кўрсатиш кулган бўлавермайди,” деган нақл шундан қолган экан.

Охунжон КАДИРОВ тайёрлади

Написать ответ

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>