Бу ерда Абсамат Масалиев ўқиган

                                                                                                                    Scan0002 (2)

Мактабимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, у қишлоғимизнинг зиёлиларидан бири Эргаш Саидов томонидан 1932-йили ташкил этилган бўлиб, туман миқёсида ягона кечки мактаб сифатида иш юритган. Мактабимиз дастлаб эски мадраса биноси ичида фаолият кўрсатиб, кейинчалик бир бойнинг уйига кўчирилган экан.Ўқув қирғиз, рус, ўзбек ва тожик тилларида олиб борилган.Мактаб ўқувчиларини асосан Учқўрғон, Майдон, Тахтак, Қоратепа ва Марказ қишлоқларидан келган турли миллат вакиллари ташкил этган. Туб аҳоли ичида  қирғиз,тожик ва ўзбеклардан ташқари рус, болгар ва татар миллатига мансуб болалар бўлгани учун уларга рус тилида ўқитиладиган синфлар очиб берилган экан.Қишлоғимиздаги янги очилган мактабга асли доғистонлик кавказ қизи Хабирахоним Измаилова директорлик қилиш билан бирга ўқувчиларга “Рус тили ва адабиёти” фанидан дарс берган. Ўтган йили мактабимиз қутлуғ 80 йиллик тўйини тантанали равишда нишонлади.

                                                                                                                    DSCF0298 (1)

Мактабимиз босиб ўтган бу маърифат тарқатиш йиллари давомида бу ерда жуда кўп устозлар минг-минглаган ёш авлодга сабоқ бердилар. Улар туфайли меҳнаткаш, заҳматкаш  халқимиз фарзандлари сабоқ олиб мустақил ҳаётга йўлланма олдилар етук инсонлар бўлиб етишдилар. Т. Тошалиев, М. Магдиев, А. Токтосунов, Ў. Юлдашев, Ҳ. Қўчқоров, М. Раимжонов, И. Исақов, Б. Умрзоқов, С. Пўлатов, М. Турдалиева К. Юлдашева, Ж. Рўзибоев ва  бошқа устозларнинг ҳар бирининг меҳнати олқишларга сазовардир.

Юқорида номи тилга олинган устозлар қўлида сабоқ олган ўқувчилар мактабимиз довруғини кўкларга кўтардилар.  Жумладан Қирғизистон давлатининг шаклланиши ва ривожланишига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган Абсамат Масалиев мактабимизнинг 1947-1948- ўқув йили битирувчиси эди. У мамлакатимиз тарихида 1985 –йилнинг октябрь ойида  Қирғизистон Компартиясининг биринчи секретари бўлиб сайланган ва ана шу лавозимда кўп йиллар ишлаб ватанимизнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожланиши, ободонлаши ва гуллаб – яшнашида муҳим роль ўйнаган  шахс сифатида ҳурмат билан тилга олинади. Биз ёшлар А. Масалиевнинг қирғиз халқининг ҳақиқий фарзанди, етук сиёсат ва жамоат арбоби сифатида яхши биламиз ва ундан ибрат олиб яшаймиз ва ўқиймиз.

Шунингдек мактабимизнинг 1944-1945-ўқув йили битирувчиси Ҳасан Дадабоев номини ҳам тилга олиб ўтмай иложимиз йўқ. Чунки у 1974-1985-йиллар мобайнида Қирғизистон Енгил саноат вазири, Давлат таъминоти вазири лавозимларигача кўтарилиб ишлаб республикамизнинг илдам тараққий этишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган забардаст инсон сифатида халқи томонидан доимо ҳурмат билан тилга олинади.

Бугунги кунда етук олим ва олималар бўлиб етишган, мактабимиз фахрига айланганлар рўйхати кўпчиликни ташкил этади.Химия фанлари номзодлари Ф. Муллаянов, Й. Маматов, математика фанлари номзодлари Х. Қурбонов, Р. Ахтариева, иқтисод фанлари номзоди М. Юлдашев, медицина фанлари доктори, профессор А. Раимжонов ва бошқалар ана шулар жумласидандир.

Мактабимиз тараққиёти тарихида унга 25 йил раҳбарлик қилиб, унинг гуллаб-яшнашига муносиб ҳиссасини қўшган устоз Лолахон Юлдашева ҳам муҳим ўрин тутади. Устознинг меҳнатлари муносиб тақдирланиб, унга 2005-йили “Қирғизистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи”  деган юксак унвон берилган.

Хуллас мактабимиз довруғини кўкларга кўтарган инсонлар номини яна давом эттириш мумкин. Уларнинг ҳар бирининг ҳаёти ва фаолияти биз учун ўрнак. Биз ёшлар ҳам улар изидан бориб, мактабимиз довруғини дунёга таратадиган инсонлар бўлиб етишишга ҳаракат қиламиз ва улардан доимо фахрланамиз.

Бугунги кунда мактабимиз директори Раъно Турсуналиева  мактаб ва устозлар анъаналарини давом эттириб сидқидилдан самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Мактабимиздаги 76 нафар ўқитувчининг барчаси ўқитишнинг “Танқидий тафаккур”, Имконияти чекланган болаларни ўқитиш”, “Кўп тиллилик асосида ўқитиш”, “Тинчлик – бу халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик” каби интелектуал лойиҳалар аъзолари сифатида ўқув жараёнинг янги инновацион усуллари асосида фаолият кўрсатишмоқда. Улардан 10 нафари Қирғизистон Республикаси “Таълим аълочиси”, 18 нафари республика Таълим вазирлигининг Фахрий ёрлиғи соҳибларидир.

 

Абдураҳмон ТУРСУНАЛИЕВ,

Боткен вилояти Қадамжой тумани

Учқўрғон қишлоғидаги А. С. Пушкин номли

ўрта мактабнинг 11-синф ўқувчиси,

“Қизил изтопарлар” тўгараги аъзоси

Написать ответ

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>