Ўқитувчилар ўртасида танлов

Ўш вилояти Қорасув туманидаги Шарқ қишлоқ округи бошқаруви ташаббуси билан  қишлоқдаги 10 та ўрта мактаб ва 3 та болалар боғчаси ўқитувчилари ва  тарбиячилари ўртасида касб байрамига бағишланган танлов бўлиб ўтди. Бу  тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад ўқитувчи ва тарбиячиларнинг иш  фаолияти жараёнида орттирган тажриба ва  иқтидорларини синаб кўриш ҳамда  маҳоратларини оширишдан иборат  эди.

Танлов икки босқичда ўтказилди. Биринчи босқичда ўқитувчи ва тарбиячиларнинг  рақсга тушиш ва қўшиқ айтишдаги маҳоратлари синаб кўрилди. Иккинчи босқичда  улар ўзлари танлаган мавзу бўйича саҳна кўринишларини намойиш этишди.

Тадбир шартлари натижаларига кўра ғолиблар аниқланди. Биринчи ўрин  “Топтерек” ўрта мактаби жамоасига берилди. Иккинчи ўринни Ибн Сино номли  ўрта мактаб вакиллари эгаллади. Учинчи ўрин эса А. Парпиев номли ўрта мактаб  жамоасига насиб этди. Болалар боғчалари ўртасидаги танловда қишлоқ  округидаги “Маданият бучур”, “Шоола” ва “Кун-нуру-Шарқ” жамоалари 1-2-3-ўринларни бўлиб олишди.

Икки азалий дўст – қирғиз ва ўзбек халқлари тилларида янграган куй ва қўшиқлар,  намойиш этилган рақс ва саҳна кўринишлари тадбир иштирокчиларида катта  таассурот қолдирди. Унда Қорасув тумани давлат маъмурияти бошлиғининг  ўринбосари К. Кимсанов, туман таълим бошқармасининг вакили К. Қобулов  иштирок этди. Қишлоқ ҳокими А. Жолдошев танлов ғолибларига Фахрий ёрлиқлар  топшириб, ҳар бирига телевизор совға қилди.

                                                                                      Нилуфар ВАЛИЕВА,

                                                                            Қорасув туманидаги А. Парпиев

                                                                      номли ўрта мактабнинг 11-синф

                                                                      ўқувчиси

Написать ответ

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>